5 Декабр 2022 йил 788

Хитой Халқ Республикасининг Лянюнган шаҳрида «Глобал хавфсизлик масаласида полиция академиялари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш» мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди

ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ташаббуси билан онлайн ва офлайн форматда ташкил этилган форумда минтақавий ва халқаро ташкилотлар, шунингдек Осиё, Европа, Африка ҳамда Жанубий Америка қитъаси давлатларидан 80 га яқин олий таълим муассасаси вакиллари қатнашди.

Форумни ХХР Жамоат хавфсизлиги университети президенти Сао Шисюан очиб, геосиёсий жараёнлар мураккаблашиб бораётган ҳозирги шароитда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, глобал таҳдидларнинг олдини олишда кўп қиррали конструктив ҳамкорлик муҳитини яратиш, умумий манфаатларни ҳимоя қилиш йўлида мулоқот майдонини кенгайтириш масалаларига тўхталди.

Халқаро форумда кун тартибидаги долзарб йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди. Хитой, Венгрия, Аргентина, Камбожа, Филиппин ва бошқа давлатлар вакиллари сўз олиб, халқаро ҳамкорлик динамикасининг ҳозирги ҳолатида эришилаётган ижобий натижалар, ўзаро алоқаларни ривожлантириш тенденциялари, таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимида истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш, замонавий ёндашувлар асосида ҳамкорликни мувофиқлаштириш борасида ўз таклиф ҳамда тавсияларини билдиришди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, замонавий таълим интеграцияда ҳамкор мамлакатлар олдида турган устувор вазифалар, айни жараёнда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим жиҳатларини алоҳида таъкидлади ва форум доирасида манфаатли муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Юқори суръатда ўтган форум якунида кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда «таълимда кўмак» платформасини йўлга қўйиш, ҳамкор мамлакатлар географиясини кенгайтиришга келишиб олинди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Text to speech