5 Декабр 2022 йил 994

Ўзбекистон делегацияси Лионда ўтказилаётган Интерпол Миллий марказий бюролар бошлиқлари конференциясида иштирок этмоқда

Уч йиллик танаффусдан сўнг ҳар йили Франциянинг Лион шаҳрида ўтказиладиган Интерпол Миллий марказий бюро бошлиқлари конференцияси жорий йилнинг 28 ноябридан ўз ишини бошлади.

Бу йилги конференция «Глобал таҳдидларга қарши қўшма чора-тадбирлар» шиори остида ўтаяпти. Ушбу тадбирда Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий Марказий бюроси бошлиғи полковник Г.А.Алимухамедов бошчилик қилди.

Конференциянинг биринчи кунида Интерпол бош котибияти мутахассислари тадбирга дунёнинг 142 мамлакатидан келган делегациялар раҳбарлари ва аъзолари билан «Маълумотлар узатиш самарадорлигини ошириш», «Янги биометрияга йўл», «Инсон ДНК маълумотлар базасининг йўқлиги ва биометрик маълумотлар сифатини яхшилаш» мавзуларини муҳокама қилдилар.

Конференция давомида Жиноят полицияси халқаро ташкилоти ‒ Интерпол раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди, унда Интерпол имкониятларидан фойдаланган ҳолда республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг миллий, минтақавий ва халқаро даражадаги касбий маҳоратини оширишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тегишли вазирлик ва идоралар учун муҳим ва долзарб мавзулар бўйича семинар ва тренинглар ўтказиш режалаштирилди. Шунингдек, Интерпол бош котиби ж-б Юрген Шток билан учрашув чоғида ўтган йил давомида Ўзбекистон Миллий марказий бюроси фаолияти суръатларининг ўсиши кузатилганлиги ва бу республикамизга ташриф буюрган Бош котибият вакиллари билан ҳам муҳокама қилинганлиги ҳамда Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюросининг Марказий Осиё бюролари орасида етакчи роли ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Интерпол ММБ делегацияси Туркия, Туркманистон, Россия, Белорусия, Саудия Арабистони, Хитой, БАА ва бошқалар Миллий марказий бюро вакиллари билан ўзаро манфаатли, долзарб йўналишларни муҳокама қилиб, икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси

Text to speech