Авиачипталар билан боғлиқ фирибгарлик.
2022 йил 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро Янгиқўрғон тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, 2022 йил февраль ойидан бошлаб, “телеграм” ижтимоий тармоғидаги аккаунтига ўз номини қўйиб олган бошқа бир шахс, Москва шахридаги авиакассалар манзилини кўрсатиб, фуқароларга билет сотиб олиб беришини айтиб алдаб келаётганлигини маълум қилган. Мазкур шахс “Сбербанк” картасига пул маблағларини туширтириб, уларга билет олиб бермасдан, чипталарни “Авиабилет+2021” канали эгасидан олишни айтиб, унинг манзилига жўнатганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Наманган вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ва Янгиқўрғон туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни 1996 йилда туғилган, Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани “Оқтепа” МФЙда яшовчи шахс “телеграм” ижтимоий тармоғида аккаунт яратиб, видеолавҳаларни ўз аккаунтга ташлаб, ушбу каналда фуқароларга “Россия-Ўзбекистон” йўналиши бўйича онлайн авиабилет сотиб олиб беришлигини айтган. Дастлаб, 3 та чипта учун 32.100 рубл (535 АҚШ доллари) ва яна 4 дона чипта учун 54.300 рубл (890 АҚШ доллари) хамда бошқа фуқароларни пул маблағларини “Сбербанк”дан олинган пластик карталарга туширтириб, ушбу пулларни отаси номига расмийлаштирилган картага ўтказиб олган. Компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, такроран, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пул маблағларини ўзининг шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборган.
Терговга қадар текшириш давомида, гумонланувчидан 3 дона пластик карта, 37.000.000 сўм ва 300 АҚШ доллари пул, 1 дона Компьютер жамланмаси ҳамда 1 дона “ОРРО reno-7” русумли телефон аппарати текшириб кўриш учун олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати