26 Феврал 2024 йил 6587

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида ўрганиш ишлари якуни юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ва вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев раҳбарлигида ўтказилган муҳокама йиғилишида ИИВ масъуллари, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлари, соҳа хизмат раҳбарлари ва барча шаҳар-туман профилактика инспекторлари иштирок этишди.

Дастлаб, Вазир ўринбосари томонидан ҳозирги кунда Ички ишлар органлари ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар ва берилган имкониятлар тўғрисида сўз юритилди. Бироқ шунга қарамай, жорий йилнинг 22-25 февраль кунлари ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган комплекс ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давомида аниқланган бир қатор камчиликларни кескин танқид қилди.

Муҳокамада ўтган давр мобайнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, айниқса, ёшлар жиноятчилиги ҳамда ижтимоий профилактика йўналиши бўйича камчиликларга йўл қўйган ходимларга интизомий таъсир чоралари кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Муҳокама якунида келгусида маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳоли муаммоларини доим ўрганиш орқали уларга самарали ечим топиш, "маҳалла — оила — мактаб" ҳамкорлигини кучайтириш, вилоят автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш, пробация назоратидаги шахслар билан манзилли ишлар ташкил этиш, соҳани рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, ўрганиш якунлари бўйича етарлича билим ва тажрибага эга бўлмаган ҳамда паст кўрсаткич кўрсатган ходимлар аттестация натижаларига кўра Ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Хизмат фаолияти давомида ижобий иш натижаларга эришиб, ҳамкасбларига алоҳида намуна бўлган бир гуруҳ ходимлар эса Вазирликнинг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech