Ўзбекистон Республикаси ИИВ Наманган академик лицейи ўқувчилари билан “Судья ва ёшлар” учрашуви ўтказилди
Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов ва Наманган вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Фахриддин Рахматовлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда дастлаб суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, мамлакатимизда одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мазкур жараёнларда судларнинг ўрни, суд идораларининг асосий вазифалари ҳақида сўз юритилди.
Очиқ мулоқот, самимий суҳбат тарзида давом этган учрашувда вилоят суди раиси ўқувчилик ва талабалик йилларини эсга олиб, Янги Ўзбекистон ёшларига яратиб берилаётган бугунги шароитларни эътироф этди. Судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида бугунги кунда жами 360 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Албатта улар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан вилоят суди раисига мурожаат қилдилар. Йигит-қизларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ҳодисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.
Жонли мулоқотларга бой ўтган учрашув якунида вилоят суди раиси томонидан таълим муассасасининг фаол ўқитувчи ва ўқувчиларига фахрий ёрлиқ ва китоблар топширилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати