26 Апрел 2021 йил 887

Етмиш ёш муборак!

Инсонни безаб турадиган фазилатлар орасида камтарликдан улуғроғи бўлмаса керак. Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси, полковник Рустам Аббасовни ана шундай фазилатга эга инсонлардан бири дейиш мумкин.

Р.Аббасов Наманган шаҳрида туғилиб вояга етди. 1977 йили Тошкент давлат университетининг ҳуқушунослик факультетини муваффақиятли тамомлади. 1986 йилда билим ва тажрибасини ошириш мақсадида Россия Федерацияси Москва шаҳрида жойлашган ИИВ Академиясида ҳам таълим олди. У ички ишлар органлари соҳасидаги илк қадамларини Тошкент шаҳар собиқ Октябрь тумани ИИБ милиционери лавозимидан бошлаган.
1971-1973 йилларда ҳарбий хизматда бўлиб қайтган қаҳрамонимиз ўша йилдаёқ, Наманган вилояти Наманган шаҳар ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси лавозимига қабул қилинди. Кейинчалик,  Наманган шаҳар ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили, Тўрақўрғон тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Наманган тумани ИИБ бошлиғи, Ўзбекистон Компартияси Андижон вилояти партия комитетида йўриқчи, сектор мудири ва биринчи котиби ёрдамчиси, яна Наманган тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида самарали хизмат қилди.

Юрт осойишталигини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини фош этишда кўрсатган жонбозлиги боис ҳамкасблари ва раҳбарият орасида ҳурмат қозонди. Мустақилликнинг дастлабки йиллари бошқа соҳалар қатори ички ишлар органлари тизимида ҳам бир қатор ечимини кутаётган муаммолар мавжуд эди. Ҳудудда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва хотиржамлигини таъминлаш мақсадида Рустам Аббасов 1992-1993 йилларда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттирди. Бу пайтда Наманган вилояти оғир бир синовли даврни бошидан кечираётган бир пайт эди. Қахрамонимиз халқ тинчлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилди. Қасамёдига содиқ қолиб, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйди. Унинг хизмат фаолиятига назар ташласангиз она Ватан осойишталиги учун ҳузур-ҳаловатидан кечган юртнинг мард ўғлони ҳақидаги ҳикояларга кўзингиз тушади... Киши тасаввурини хира қилувчи қўрқинчли тушдек ўтиб кетган вазиятларда мардонавор туриб берди. У қаерда, қайси лавозимда ишламасин, аввало, ҳар бир муваффақиятнинг замирини бетиним меҳнат ва изланишда, касбга масъулият билан ёндашишда, ва албатта Ватанга муҳаббатда деб билди.

Р.Аббасов қийнчиликлардан қўрқмади, изланиш ва интилиш унинг доимий ҳамроҳи бўлди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасида биринчи ва иккинчи бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. Кейинчалик эса хизмат фаолиятини Тошкент вилоятининг Зангиота ҳамда Юқори Чирчиқ туманларида ИИБ бошлиғи лавозимида давом эттирган Рустам Аббасов бутун фаолияти давомида кўплаб йиллар мобайнида очилмаган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни очишга муваффақ бўлди. Устозларидан ўрганган билимларию йиллар давомида орттирган тажрибалари ҳамда синчковлиги унга доим қўл келди. 

2019 йилдан ҳозирги кунга қадар Наманган вилояти ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Р.Аббасовнинг бугунги кунда кўплаб шогирдлари республикамизнинг турли ҳудудларида ички ишлар органлари сафида хизмат қилиб, юрт осойишталигини асрашга муносиб ҳисса қўшиб келаётир.

Вақт – бамисоли оқар дарё. Рустам Аббасовнинг ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятига ҳам салкам эллик йил тўлибди. Ўйлаб қарасак бу оз фурсат эмас. Шу йиллар мобайнида у нафақат касбига бўлган садоқати, балки одамийлиги, камтарлиги, ҳаётга бўлган эзгу қарашлари билан иззат-икром топди.

Бугун 26 апрель, Полковник Аббасов табаррук 70 ёшни қарши олмоқда. Шу боисдан вилоят ИИБ мажлислар залида бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, ИИВ фахрийлар кенгаши масъуллари, истеъфодаги фахрий ходимлар, Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти туман ва шаҳар бўлим бошлиқлари ҳамда шахсий таркиб иштирокида Рустам Аббосовни муборак ёш билан қутлаш маросими бўлиб ўтди. Дастлаб, бошқарма бошлиғи томонидан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Маросимда сўз олганлар қахрамонимизни устоз дея эътироф этиб, у тўғрисида самимий фикрларни билдириб, хотираларни ёдга олишди. Тантана якунида ҳушовоз хонандалар томонидан Ботир Зокиров ижросига мансуб ретро тароналарнинг куйланиши барчага янада кўтаринкилик бахш этди.

 

Феруза Отаханова.    "Postda" мухбири.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech