Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди.
Наманган вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан Ёшлар иттифоқи етакчилари, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлар томонидан “Пайшанба-Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқаролар тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга тизимда хизмат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, оила-аъзолари ногирон ва оғир хасталикка чалинган ҳамда тарбиявий-профилактикага муҳтож ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди.
Жумладан, Учқўрғон тумани ИИБ ЖТСГ ВСҲ сафдор ходимининг 2020 йилда туғилган фарзанди ўнг оёғини жорий йилнинг 5 январь куни жарроҳлик операцияси килинганлиги, муолажа учун 5 миллион сўм пул маблағи сарфлаганлиги, жарроҳлик операциясини иккинчи босқичи бир ой давомида амалга оширилиши кераклиги, бироқ ходим ижтимоий кўмакка мухтожлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича туман ички ишлар бўлими шахсий таркиби томонидан иҳтиёрий равишда ёрдам бериш чоралари режалаштирилиб, яшаш ҳудудидаги 39-сонли оилавий поликлиника раҳбарлари билан ҳамкорликда доимий назоратга олиниб, ўрнатилган тартибда амалий ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Чортоқ тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспекторининг 2011 йилда туғилган фарзанди туғма ногиронлиги, ҳозирда 10 ёшга тўлган бўлса-да, ўзи мустақил юра олмаслиги кўрилиб, унга ногиронлик аравачаси совға қилинди.
Бошқарма ЙҲХБ ЙПХБ 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспекторларининг ҳам оилавий шароити ўрганилганда уларнинг отаси ва укаси 1-гуруҳ ногирони бўлиб, юриш қобилияти йўқолганлиги аниқланди.
Шифокорлор билан ҳамкорликда уларнинг ҳолидан хабар олиниб, бепул дори-дармонлар берилди ва саломатликлари доимий равишда назоратга олинди.
Янгиқўрғон тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори ҳозирда “Нурафшон” МФЙда хизмат кўрсатиб оила-аъзолари билан биргаликда хизмат уйида яшаб келаётганлиги, 4 нафар фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи Х.Султонова ҳеч қаерда ишламаётганлиги аниқланган.
Шунга кўра, Х.Султоновани ишга жойлаш масаласи кўриб чиқилиб, уни Нурафшон МФЙда жойлашган Янгиқўрғон туман мактабгача таълим бўлимига қарашли “СВЕТА БОЛАЖОН” номли Давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи этиб ишга қабул қилиниши таъминланди.
Бундан ташқари, тарбиявий-профилактикага муҳтож бўлган барча ходимларнинг оилавий шароитлари уларга бириктирилган мураббийлар томонидан ўрганилиб, уларнинг келгусида хизмат олиб боришлари давомида, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузмасликлари тўғрисида, ота-оналари ва турмуш ўртоқлари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ходимлар орасида хизмат интизоми қонунчилик бузилишини олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар оиласидан хабар олиш бу орқали уларни касбига садоқат, хизмат қилаётган жамоасига ишонч туйғуларини янада ошириш ҳамда улар қалбида ИИО тизимига бўлган фахрни юксалтиришдир.
Наманган вилоят ИИБ Ахборот хизмати