Виждон амри
Жиноят содир этган фуқаро қилмишлари фош бўлгач, пушаймон бўлиши турган гап. Лекин, афсуски, баъзи кимсалар жазодан қутулишнинг ягона чораси пул деб ўйлашади. Ўзларини яна хатар домига ташлайдилар.
Фирибгарликда айбланган фуқаро А. И. ўзгаларнинг 17 минг АҚШ долларини алдов йўли билан қўлга киритади ва ўзлаштириб юборади.
Шу боис унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилади. У Тўрақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси терговчиси, капитан Отабек Жалоловга унинг иш юритувида бўлган жиноят ишида қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига 1000 АҚШ доллари таклиф этади...
Ана шундай вазиятларда қабул қилинган қарор ходимнинг ўз хизмат вазифасига лойиқ ёки нолойиқ эканини исботлайди. Бировнинг ҳаққидан қўрқмаслик, айниқса, жиноят содир этган шахсни пора эвазига жазодан озод этиш капитан Отабек Жалоловнинг эътиқодига зид эди. Шу боис у қарор қабул қилишда ҳеч иккиланмади.
А.И.нинг хомхаёли амалга ошмади. Терговчи унга тушунтирди, бундай хатти-ҳаракат навбатдаги жиноятга йўл очишини ётиғи билан тушунтирди. Лекин барча ҳаракатлари зое кетди...
Шундай қилиб, А. И. терговчининг хизмат хонасида 1000 АҚШ долларини бераётган пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ашёвий далил билан ушланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Гулчеҳра Бувамирзаева, “Postda” мухбири. Наманган вилояти.