23 Сентябр 2020 йил 702

Вилоятимизда Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда.

Бугунги кунда терроризм ва диний экстремизм, наркотрафик, одам савдоси жиноятларининг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётганлиги боис, улардан жабр чекаётганлар афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Худуд ва чегара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлат ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса одам савдосидек оғир жиноят инсон хаёти, эркинлиги ва хуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки тақдири ва келажагини оёқ ости қилиш билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алохида таъкидлаш лозим.

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг тахлилларига кўра, ушбу жиноятдан жабр кўрганлар сони бир неча милионларни ташкил қилмоқда. Ташвишланарлиси эса одам савдосидан жабрланганларнинг асосий қисми аёллар ва болаларни ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик, айниқса, унинг трансмиллий кўринишлари, хусусан, терроризм ва диний экстремизм, гиёҳванд моддалар айланиши, одам савдоси каби турларини олдини олиш, ушбу фаолият билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаб, уларнинг жиноий фаолиятларига чек қўйиш мақсадида кенг кўламли изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар шу мақсадга эришишга, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни самарали амалга оширишда ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.

Жумладан, юртбошимизнинг №5775-сонли Фармонлари билан “Одам савдосига қарши курашиш идоралараро комиссияси” бекор қилиниб,  2019 йил 30 июлда “Одам савдоси ва мажбурий мехнатга қарши курашиш миллий комиссияси” ташкил қилинди ва унга Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси раиси Т.Норбоева раис этиб тайинланди. Миллий комиссия таркибида иккита алохида кичик комиссиялар тузилди. Шу билан бир қаторда ушбу фармон билан вилоятларда ва шаҳар туманларда “Одам савдоси ва мажбурий мехнатга қарши курашиш масалалари бўйича худудий комиссиялар раиси этиб хокимлар тайинландилар.

Хозирда замон тез фурсатда ривожланаётганлиги, давлатимиз дунё мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтириб бораётганлигини алохида таъкидлаб ўтиш лозим, шу билан бирга 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам камчиликлар мавжудлигини кўрсатиб қўйганлиги боис, миллий комиссиянинг таклифи билан 2020 йил 17 август куни халқаро стандартлар талабига жавоб берадиган янги тахрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонун билан одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби, шунингдек одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари билан уларга кўмаклашувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлар фаолияти ҳамда улар ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш йўналишлари белгилаб берилди.

Хозирда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги тахририни амалиётга тадбиқ этиш чора-тадбирлари бўйича миллий комиссия ва худудий комиссиялар томонидан кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Шу жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам ушбу янги тахрирдаги Қонунни ахолига кенг тадбиқ этиш мақсадида худудий комиссия ва одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия аъзолари томонидан тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Айниқса, чақалоқ савдосини олдини олиш мақсадида вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида фаолият олиб бораётган туғруқхона ходималари орасида тарғибот тадбирлари амала ошириб келинмоқда. Жумладан Наманган шаҳардаги иккита туғруқхонада, Косонсой, Чуст ва Учқўрғон туманларида жойлашган туғруқхоналарда тарғибот тадбирлари ўтказилди ва янги тахрирдаги қонуннинг мазмун мохияти тушунтирилди.

Одам савдосининг ҳар қандай кўринишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш минтақавий ва халқаро даражада жиддий ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорликни талаб этади. Зеро одам савдоси, инсоннинг хуқуқ ва эркинликлари ғайриқонуний равишда айнан ўзга инсон томонидан камситилиши ва тахқирланиши кечириб бўлмас жиноятдир.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech