Ватанга ва халқимизга туну кун хизмат қилиш — барчамизнинг бурчимиздир!
Наманган шаҳар ва Янги Наманган туманларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида хизматга жалб этилган ходимларнинг тунги фаолияти ўрганилди
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат жойлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида фуқаролар осойишталигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳамкорликда хизмат олиб борилмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти ИИБ бошлиғи томонидан Наманган шаҳридаги 4-сон “Ҳуқуқ-тартибот маскани” ҳамда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номли истироҳат боғида тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти, шунингдек «Чорсу» деҳқон бозорида тунги савдо вақтида кўрилган хавфсизлик чора-тадбирлари ўрганилди.
Шунингдек, ўрганишлар Янги Наманган тумани ҳудудида давом эттирилиб, дастлаб 3-сон “Ҳуқуқ-тартибот маскани” ходимларининг фаолияти текширилди. Шундан сўнг, Наманган давлат техника университетига қарашли “Талабалар ётоқхонаси”да талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ва кўрилган хавфсизлик чора-тадбирлари кўздан кечирилди. Шу жараёнда университет профилактика инспектори ва «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи аъзолари билан суҳбат ўтказилиб, уларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ходимларнинг ҳам фаолияти ўрганилиб, тунги вақтларда фуқаролар тинчлигини сақлаш ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати