30 Сентябр 2020 йил 22957

“Ўзлигимиз тимсоли – Она тилим!”

Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.

(Ш.М. М. Мирзиёйев)

 

Тил-ижтимоий ҳодиса. У инсонларнинг ўзаро мулоқотга киришувига ва муносабатда бўлишига хизмат қилади. Ҳамма тилдан бирдек фойдалана олади. Ҳамма учун тил баробардир. Шунинг учун ҳам тил жамиятга тегишли. У жамиятда пайдо бўлади, шаклланади, ваҳоланки, унинг умрбоқийлиги ҳам, қадрсизланиб изсиз йўқ бўлиши ҳам шу жамиятга боғлиқ. Фердинанд де Сосюр талқинида шундай дейилган: “Тил ҳамма учун баробар хизмат қилувчи ижтимоий, руҳий ҳодисадир. Нутқ эса маълум бир муайян шахс томонидан ўз имкониятларидан келиб чиқиб фикрини баён этишдир”.

Дунёда тиллар кўп, аммо ҳар бир халқнинг, ҳар бир жамиятнинг ўзи учун қадрли бўлган қадим-қадимдан шаклланиб, сайқалланиб келаётган тили мавжуд. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тилига муҳаббат-юксак маънавият белгиси. Она тили–миллатнинг руҳи”, - деб бежиз айтмаганлар. Тил айнан жамиятга, миллатга тегишли бўлганлиги учун ҳам унинг хусусиятларини жамият аъзолари очиб берадилар ва бу тилнинг халқ орасида, жамиятда қандай ўрин тутишини ҳам белгилаб берадилар. Ўз она тилини англаб, қадрлаб, унинг юксалиши учун, бошқа халқлар тиллари орасида ҳам ўз ўрнига эга бўлиши учун оз бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшган инсонни адашмай халқпарвар, чинакам маънавиятли инсонлар қаторига қўша оламиз. Аксинча, тилимиз бойликларига путур етказиб, ўзининг тилига, оиласига, жамиятига, халқига, қолаверса, ўзига, ўзлигига ҳурматсизлик қилаётган инсон эса фақат жаҳолат ботқоғига ботади, бу ҳам етмаганидек ён–атрофидагиларни ҳам қўшиб шу ботқоқ томон олиб кетади. Биз ота–боболаримиздан қолган ушбу муқаддас меросни асраб–авайламоғимиз лозим. Зеро, тил жамиятнинг маънавияти ва маданияти кўзгусидир.

Ўзбек тили қадим тарихига ва ўзининг бетакрор ёзма анъаналарига эга бўлган нуфузли тиллардан биридир. Ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг сони ер юзида ўттиз беш миллиондан ортиқ кишини ташкил этади. Шундан йигирма беш миллиондан ортиғи Ўзбекистонда истиқомат қилади. Ўзбек тилига 1989 йил 21 октабрда Давлат тили мақомининг берилиши ўзбек адабий тилининг жадал, эркин тараққиёти учун кенг имконият ва қулай шароитларни яратди. Ўзбек тили Ўзбекистон Республикасининг давлат тили сифатида тан олинар экан, бу Республика ҳудудидаги бошқа миллат ва элат тилларининг қўлланиши, ривожланиши, Ўзбекистонда яшовчи барча миллат вакилларининг ўз она тилларида эркин мулоқот қилиши учун асло монелик қилмайди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 2-, 4-, 6-, 10-, 14–моддаларида бошқа миллат вакиллари тилларининг амал қилиши ҳимояланиши белгилаб қўйилган. Бу эса халқимизнинг бошқа миллат ва халқларнинг тарихига, маданиятига, тилига бўлган чексиз ҳурматини ифодалайди. Зеро, ўз Она тилини қадрлаган миллатгина ўзгаларнинг ҳам она тилига ҳурмат билан қарайди.

Тилимиз бениҳоя бой, унинг захираси бир неча юз минг йилликларлар билан ўлчанади. Тилимизнинг бу бойлигидан фойдалана олиш эса ўзимизга боғлиқдир. Вазиятга кўра иш тутиб, сўз ишлата олиш еса бизнинг қанчалик маънавиятга эга эканлигимизни кўрсатади. Шу хусусида, Алишер Навоийнинг “Кўнгил махзанининг қулфи тил ва ул махзаннинг калитин сўз бил“, деган ҳикматли сўзи фикримизнинг яққол далилидир. Юқорида таъкидлаганимиздек, тилимиз бениҳоя бойдир ва бу бойликлардан ўринли фойдаланиш эса фақат нутқимизни безайди.

Ўзбек тили – менинг она тилимдир,

Ҳар бир куй – ғазали ғунча – гулимдир,

Ўз она тилимни чин дилдан севмоқ,

Биламан, мен тутган тўғри йўлимдир.

Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни, аввало, ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дин-у диёнатимиздан жудо қилишга қайта–қайта урундилар. Улар эл–юртимиз бошига қандай азоб–уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум. Тақдир бизни шундай мураккаб синовли кунларда халқимиз маънавияти ва Она тилимизнинг ҳимоя қалқонига айланган не-не алишерлар, бобурлар, абдуллолар, фитрат-у, чўлпонлар билан сийлади

Она тилисини ардоқлаб суйган,

Дунёни забт етган ўғлонларинг бор.

Асрлар қаъридан опичлаб ўтган,

Тилим деб, элим деб куйганларинг бор

Шавкатим, шарафим – Сен Она тилим.

Жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашиб ўтди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини, миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди. Шундай экан, бобомерос, момомерос ўз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга тараннум этишимиз лозим. Унинг тароватини борича сақлаб қолсак, унга сайқал берсак, замонавий ёндашув билан рақамли тизимларга жойласак, миллий тилимиздаги маърифий дастурларни яратсак, тилимиз келажаги янада чароғон бўлади.

Хулоса шуки, тилни севиш, уни ардоқлаш миллатни севиш ва уни қардлаш билан тенгдир. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида ёшларимизнинг ютуқлари, спортчиларимизнинг ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир. Мен ўзбек тилининг нафис тароватини она тилимда битилган, ўзим ўқиган бадиий асарларда кўрдим, “Ўткан кунлар”да Кумуш момомнинг битган мактубларида ҳис этдим. Тилимизга нисбатан “ОНА” сўзи ишлатилар экан, биз ҳам ўзбек миллатининг садоқатли қизлари сифатида тилимиз софлигини оналаримиз алласи билан қалбимизга жойлаймиз ва келажак авлодга элтамиз. Келгусида она тилимиз ривожи учун ўз ҳиссамизни қўша олиш бахти биз ўзбек қизларининг ҳам қалбида улкан ифтихор уйғотади.

Она тилим, тарихинг буюк,

Боболардан мерос тилимсан.

Буюклардан сен ўзинг буюк,

Сен мен учун доим суюксан.

Буюк тилим, буюклигингни   

Олам аро кўз-кўз этарман.

Мен ўзбекман, она тилимни

Фахр билан шеърда битарман.

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Наманган академик лицейи 26-гуруҳ ўқувчиси

Тўлашбойева Донохон

Text to speech