Ички ишлар вазири бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Наманган вилоятида Давлат раҳбари топшириқларининг амалий ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бугун Чортоқ ва Косонсой туманларидаги маҳалла бешлик тизими учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Ҳудудларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, криминоген вазият барқарорлиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди.
Чортоқ туманидаги таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ўқувчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. вояга етмаганлар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида мактабларда ташкил этилган йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналари ҳамда машғулотлар мобайнида фойдаланиладиган махсус воситалар кўздан кечирилди.
Ишчи гуруҳ аъзоларига Чортоқ туманидаги тадбиркорлик субъектлари, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида берилаётган енгилликлар ҳамда маҳсулотлар сифати намойиш этилди.
Кейинги манзил Косонсой тумани Намуна маҳалласи бўлиб, бу ерда жойлашган 3-сектор биносида тизимли бажарилаётган ишлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва мурожаатларни ҳал этиш борасидаги вазифалар салмоғи ўрганилди.
Шунданг сўнг Косонсой тумани Баҳористон МФЙда маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш дастури асосида тортилаётган 22 км ичимлик суви тармоғини янгилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати