Умумий ўрта таълим муассасалари психологлари билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5050-сон Қарорида, Ўзбекистон Республикасининг барча туман, шаҳар ички ишлар органлари таркибида 2000 та штат бирликларидан иборат вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимларини жорий этиш ҳамда уларнинг бевосита хизмат ўташ жойи этиб умумий ўрта таълим муассасалари белгилаб берилган.
Мазкур қарорга асосан, 2021 йилда умумий ўрта таълим муассасаларининг 2000 та психолог штат бирлигини жорий йилнинг 1 июлидан қисқартириш эвазига 1100 та инспектор-психолог штат бирлиги киритилади ва 2022 йилда қўшимча 900 та штат бирлигини киритиш орқали уларнинг сони 2000 тагача етказилади.
Инспектор-психологлар зиммасига ҳар бир ўқувчи кесимида умумий ўрта таълим муассасаларида психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифалари юкланади.
Вазирлик ва Наманган вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси раҳбариятининг топшириғига асосан ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда халқ таълим бошқармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида хизматга қабул қилиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, умумий ўрта таълим муассасалари психологлари орасида янги киритилаётган вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар билан Кадрлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.А.Бурхонов иштирокида марказлаштирилган учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида, ички ишлар органлари хизматига малакали мутахассис, иқтидорли ёшларни жалб этиш учун танлов ўтказиш жойи ва кунлари тўғрисида қўшимча эълонлар берилиши, улар томонидан тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар, шунингдек хизматга қабул қилиш тартиби ва белгиланган имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунчалар бериб ўтилди.
Наманган вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси