Уйчи туманида ички ишлар органлари фаолиятининг тунги ўрганиш ишлари давом эттирилди
Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ички ишлар бўлимлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг тунги фаолияти босқичма-босқич ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилмоқда.
Навбатдаги ўрганиш ишлари Уйчи туманида ўтказилиб, унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти ўрганилди. Жараён давомида масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланиб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, хизматни самарали ташкил этиш ҳамда аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича тегишли вазифалар юклатилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман суди маъмурий биносида хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолияти, у ерда кўрилган хавфсизлик чора-тадбирлари ҳам ўрганилиб, хизмат интизоми ва қўриқлаш тизими бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар давомида “Уйчи туман газ” газ таъминоти бўлимининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни, заҳира омборларидаги эҳтиёт қисмлар ҳолати ва техник воситаларнинг шайлиги кўздан кечирилди. Мутасаддиларга мавсумни беталофат ўтказиш, аҳолига табиий газни узлуксиз етказиб бериш ҳамда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, туман ҳокими ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида пахтани қабул қилиш маскани ҳам ўрганилиб, мавсум давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, пахта ташиш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб берилди ҳамда ижросини таъминлаш топширилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати