12 Май 2025 йил 344

Уйчи туман прокурорининг туман аҳолисига мурожаати

Азиз  ҳамюртлар, ҳурматли туманимиз аҳолиси, қадрли нуронийлар, жамоат ташкилотлари масъуллари!

 

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарликларида барча соҳаларда ислоҳотлар изчил амалга  оширилмоқда.  

 “Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш умуммиллий долзарб вазифага айланди.

Уйчи туманида ҳам тинчлик ва осойишталикни таъмин-лашнинг  янги  механизмлари  жорий  этиляпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида,бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш  чоралари  кўрилмоқда.

 

Азиз  ҳамюртлар!

 

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга  қўйганмиз.

Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли қарорлари ижросига асосий эътибор қаратганмиз.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, туман прокурори раҳбарлигида туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи  штаби фаолияти  йўлга  қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 56 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир, 7 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди. Барча маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирли йўл хариталари  ишлаб чиқилди.

Йўл хариталари ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллаларда аҳоли гавжум жойларда 110 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 360 градус айланувчи 3 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 35 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 4 та, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига, очиқ спорт майдонларига 25 та, жами 177 та PTZ ва оддий камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 35 дан ортиқ дамафон, уйларнинг кириш йўлакларига 200 дан зиёд ташвиш тугмалари ўрнатилди.

Маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги 200 дан ортиқ  хонадонлар Миллий гвардия қўриқлаш хизмат томонидан тезкор қўриқловга олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 250 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 20 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 50 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 250 та ёритиш воситалари билан таъминланди. Албатта бу ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Масалан, йил бошидан бери туманда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда юрган 3 нафар жиноятчи ушланди. Шунингдек, бедарак йўқолган 2 нафар шахс топилиб, 5 та жиноят “иссиқ изи”дан фош этилди.

Амалга оширилган чора - тадбирлар натижасида “қизил” тоифада қолган 8 та маҳалланинг 6 тасида криминоген вазият сақланмоқда.

Давлат раҳбарининг Қарорига асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 46 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят сабаби таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Эътибор беришингизни истардим. Бу ишлар бир кунлик ёки бир марталик ҳисобот учун қилинаётган ишлар эмас.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 2-чорак учун йўл хариталари ҳам ишлаб чиқилди.

Туманда жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини  жорий  этдик.

Бу борада вилоят прокурорининг фармойиши қабул қилиниб, барча тезкор ходимлар 56 та маҳаллага номма–ном  бириктирилди.

Ҳар бир соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар  ишлаб  чиқдик  ва  тарқатдик.

Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда  амалий  тадбирларни  ҳам  ўтказади.

Биз муаммонинг туб негизигача етиб бориб, “маҳалла  прокурори”  деган  ёндашув  билан  ишламоқдамиз.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва  таҳлилларнинг натижаларига қаратсам. 

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Жорий йилнинг ўтган 1 - чорагида 15 та ўрганиш ўтказилиб, 50 дан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Бу ишлар мунтазам давом этади.

Иккинчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат  қаратмоқчиман.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини  ҳам  ўйлаб  топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани  ҳам  бунга  яққол  мисол  бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали  содир  этилаётганлиги  ташвишли  ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, тумандаги жиноятларнинг 34 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ташкил этмоқда.

Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик картадан пул маблағларини ечиб олиш ҳолати юзасидан 77 та жиноят иши қўзғатилди.

Оқибатда эса, фуқароларга 350 млн. сўмга яқин зарар етказилгани  аниқланди.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 31 таси ёки 40.2 фоизи фирибгарлик ҳамда 46 таси ёки 59.8 фоизи ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фэйк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни   сир   сақлашни  сўраб   қоламиз.

 

Азиз туманимиз аҳолиси!

 

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам гапирмоқчиман.

Айтиш керакки, йилнинг дастлабки 3 ойи якунига кўра, маст ҳолда (2-0), ишсизлар (4-0) ва ёшлар (9-7) жиноятини камайтиришга эришган бўлсак-да, вояга етмаганлар (0-2), аёллар (3-5)  ва муқаддам судланганлар (0-4) жинояти эса бироз ошган.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 180 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қиз аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 75 та чора кўрилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Таълим муассасалари ва жамоат жойларида масъуллар профилактик (давомат, тиғ ва рейд) тадбирларида узоқ муддатга кетган 337 нафар бола, мунтазам дарс қолдирувчи 16 нафар, тарбияси оғир 89 нафар ўқувчи аниқланди. Уларнинг 276 нафари мактабларга қайтарилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 15 дан ортиқ муаммоси ҳал қилинди.

Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Тарбия масалалари билан ҳар дақиқада шуғулланиш зарур.

Шу ўринда ота-оналарга мурожаат қиламиз! Фарзандингиз келажаги учун бефарқ бўлманг! Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, билим олиши, касб-ҳунар эгаллашига шароит яратиб беринг ва кундалик назоратни бўшаштирманг! Унутманг, ҳар бир боланинг келажаги ҳам биримиз учун муҳимдир.

 

Ҳурматли фуқаролар!

 

Коррупцияга қарши курашни кучайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда.  Зеро, сир эмас коррупция ҳар бир соҳанинг ривожига тўсиқ  бўлмоқда. 

Шу сабабли, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш йўлида қатъий муросасиз кайфиятни шакллантириш, унга қарши курашишда мен бутун Уйчи аҳлидан ўз ҳиссангизни қўшишга чақираман.

Президентимиз талаб қилаётган,  жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф  қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Азиз ҳамюртлар!

 

Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек   қўйишга  кафолат  беради.

Шундай экан, аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларнинг олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка  чақирамиз.

Зеро, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши ва олди  олинишида халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда  дахлдорлик  ҳисси  билан  ёндашишни  сўрайман.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига   шахсан   кафолат   бераман.

Барчамиз  жиноятдан  ҳоли  янги  Ўзбекистон  учун  бирлашайлик!

 

Уйчи туман прокурори Б.Муталлиев

Text to speech