Террорчи гурух таъсирига тушган шахс қўлга олинди
Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ҳамда Наманган вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ҳодимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлари давомида, www.odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчи “Имом ал-Бухорий катибаси” номли халқаро террорчилик гуруҳи фаолиятини қўллаб-қувватловчи ғоялар қайд этилган видеоматериалларни ўз саҳифасига жойлаштирганлиги аниқланди.
Олинган маълумотни текшириш учун ўтказилган тезкор-техник тадбирлар давомида, “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчиси Наманган вилоятида яшовчи, 24 ёшли фуқаро И.А. эканлиги аниқланди ва тезкор тадбирлар натижасида қўлга олинди.
Аниқланган ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро И.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Интернетдаги ижтимоий тармоқларда террорчилик ва экстремистик ташкилотларнинг тарғиботчиларини алдовларига ишонманг.
Диний мазмундаги саволларинингиз, ўзингизни қизиқтирган мавзуларингиз юзасидан мамлакатимиздаги “UZ” доменидаги расмий веб-сайтлардан фойдаланишни ёки диний соҳада илмли, малакали мутахассислар, имом-ҳатиблар, исломшунос олимларга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази