24 Март 2021 йил 862

Тергов иши айблов хулосаси билан тамомланган.

Телеграмм ижтимоий тармоғида “Наманганда янги “Аҳмадбой” пайдо бўлди” изоҳи остида видеолавҳа тарқалди. Вилоят ИИБ томонидан видеолавҳада келтирилган маълумотлар юзасидан суриштирув ўтказилганда қуйидагилар маълум бўлди.

Янгиқўрғон туманида яшовчи Аъзамхон, 2014 йил 20 декабрь куни ўзининг номида бўлган “Captiva” русумли автомашинасини Нуриллога 25 500 АҚШ долларига сотиб юборган.

Шундан сўнг, Нурилло ушбу автомашинани 2015 йил 17 январь куни Учқўрғон туманида яшовчи Баҳодиржонга 27 000 АҚШ долларига сотган.

Аъзамхон шу куни Баҳодиржонга ушбу автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома расмийлаштириб берган. Сўнг ишончномани 2016 йил 27 январь куни нотариус орқали бекор қилдириб, автомашинани қайд этиш гувоҳномасини йўқотганлиги юзасидан ариза билан мурожаат қилиб, транспорт воситасига қайд этиш гувоҳномасини қайтадан олиб, автомашинани 2018 йилнинг октябрь ойида Баҳодиржон Қозоғистон Республикаси, “Чимкент” шаҳрида жойлашган 28-сонли автотураргоҳга қўйганлигидан хабар топиб, автомашинани Ўзбекистон Республикасига олиб келиб, 2019 йилнинг июнь ойида Косонсой туманида яшовчи фуқаро Вохиджонга 9.000 АҚШ долларига сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 10 март куни Аъзамхонга нисбатан Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аъзамхонни қаерда эканлиги номаълум бўлганлиги сабабли унга нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, қидирув эълон қилинган.

2020 йил 31 август куни Аъзамхон, Россия Федерациясида ушланиб, Ўзбекистон Республикасига 2021 йил 1 февраль куни олиб келинган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, айблов хулосаси билан тамомланган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан кўриб чиқилмоқда.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech