Соғлом ходим ҳамиша ҳимояга шай бўлади.
Спорт – саломатлик гарови! Чиндан ҳам, мунтазам тарзда спорт билан шуғулланган киши кун давомида тетик ҳолда ва юқори кайфиятда юради. Шу боисдан Наманган вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси томонидан ички ишлар органларида хизмат қилувчи барча ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2018 йил 17 январь кунидаги “ички ишлар органларида хизмат, жанговар, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлик машғулотларини ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи талаблари ижросини таъминлаш мақсадида спорт машғулотлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари “Динамо” ўйингоҳида бўлиб ўтадиган спорт соатига бошқарманинг барча бўлимлари ва соҳавий хизматларида фаолият юритувчи ходимлар жалб этилган бўлиб, иштирокчиларга тажрибали мутахассислар томонидан спортнинг қўл жанги, енгил атлетика ва бошқа турлари бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.
Бу галги ўтказилган машғулотда ҳам барча шахсий таркибнинг иштироки тўла таъминланиб, юқори кайфиятда иш бошлашлари ҳамда ишчанлик руҳини ошириш мақсадида арқон тортиш мусобақаси ҳам ўтказилди.
Бу каби машғулотларнинг мунтазам ўтказиб борилиши ходимлар орасида соғлом муҳитни таъминлаш билан бир қаторда, улар орасида ортиқча вазн билан боғлиқ муаммолар юзага келмаслигига ҳам хизмат қилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати