3 Август 2023 йил 771

Шубҳаси тўғри чиқди

...Ҳаммаси жорий йил апрель ойининг 10-санасидан бошланди. Уйчи туманидаги супермаркетда ўғирлик содир этилди. Жиноятчилар ўзларидан из қолдирмаган, дўконга ўрнатилган видеокамералар олиб кетилган эди. Учинчи куни Чортоқда худди шундай ҳолат рўй берди. Бу турдаги жиноятнинг айнан бир хил усулда содир этилиш ҳолати Наманган ва Чуст туманлари, Янгиқўрғон ва Наманган шаҳарларида ҳам кузатилди.

Табиийки, бу кўпчиликни ҳайратга солди, турли шов-шувларга сабаб бўлди. Айнан видеокамераларнинг изсиз ғойиб бўлиши вазиятни чигаллаштирган, турли шубҳа ва гумонларни уйғотган эди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан вилоят ИИБ ЖҚБда тезкор гуруҳ тузилиб, унга катта тезкор вакил, майор Жамшидбек Мамараимов масъул этиб тайинланди ва суриштирув ишлари бошлаб юборилди.

Тажрибали ходим бундан тўрт йил аввал Уйчи туманида яшовчи, муқаддам судланган Хуршид (исм-ар ўзгартирилди)худди шундай тартибда ўғирлик содир этганига эътибор қаратди. 10 апрелдаги ўғирлик айнан Уйчи туманида юз бергани унинг шубҳаларини тасдиқлагандек бўлди. Гумонланувчи кузатувга олинди. Кузатувларда Хуршид тунги клубларга бориб, ошна-оғайнилари билан ресторанларда овқатланиб, шоҳона ҳаёт кечираётгани ойдинлашди. Изқуварнинг ўз-ўзига берган саволи эса шундай бўлди: бирор жойда ишламайдиган йигит еб-ичиши, айш-ишрат қилиши учун маблағни қаердан олиши мумкин?

Кўп ўтмай, Янгиқўрғон туманида содир этилган ўғирлик пайтида Хуршид ва унинг улфатларига тегишли машиналар ўша дўкон атрофидаги камераларга тушиб қолгани аниқланди.

Ходимлар гумонланувчиларни сўроқ қилишга шошилмадилар. Видеоёзувни олиб, тасвирларни Хуршиднинг онасига кўрсатишди.

Она ёлғон гапирармиди, у ўғлининг атрофидаги гумашталари уйларига тез-тез келишганини тасдиқлади. Калаванинг учи топилди.

— Онанг ёлғон гапирмаса керак, дўстларинг доим сенинг уйингда тўпланишаркан, деганимда Хуршид жим бўлиб қолди. Кейин барча қилмишларини тан олди, — дейди майор Жамшидбек Мамараимов.

Кейинчалик уюшган жиноий гуруҳ 11 кишидан иборат экани, улар шу кунгача 40 га яқин ҳолатда ўғирлик содир этгани маълум бўлди. Айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилди.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.

Text to speech