30 Июн 2023 йил 981

Шижоати ҳавас уйғотар

Бугун ахборотга бўлган талаб шу қадар кучайдики, журналистика жамиятнинг қон томирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Дейлик, ишни аъло даражада бажариб, натижалар кўнгилдагидек бўлсаю, лекин унинг тарғиботи суст бўлса, кўзланган натижага эришиш мушкул.

Наманган вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида ўтказилаётган тадбирлар Ахборот хизмати ходимларининг тезкорлиги натижасида кенг ёритиб келинмоқда.

Бошқарма томонидан ОАВ ходимларига яратилаётган шарт-шароитлар ҳам шунга монанд. Бошқарма фаолиятини қадам-бақадам ёритаётган фидойилар орасида Назира Олимжонованинг алоҳида ҳиссаси бор. Масъулиятли, қатъиятли қизни нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам яхши танишади. Республика телеканалларида эфирга узатилаётган лавҳаларда изланувчан журналистнинг маҳорати яққол кўзга ташланади.

Назира вилоят ИИБ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи кичик мутахассиси сифатида фаолият олиб бормоқда. Унинг учун ишнинг катта-кичиги йўқ. Овоз ёзишдан тортиб, монтаж жараёнлари якунига етгунга қадар, иш столидан узоқлашмайди. Касбини севгани боис қийинчиликлар ҳам билинмайди.

Ҳафтанинг ҳар шанба куни “Навбатчилик қисми хабарлари” кўрсатувида Назира Олимжонова бошловчилик қилади. Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг намунали ходимлари, йўл ҳодисалари шарҳи ва яна бошқа кўплаб долзарб мавзуларни кўтариб чиқиб, соҳа фаолиятини яхши ёритиб келмоқда.

Тўғрисини айтсам, Назиранинг шижоатига ҳавасим келади, биз йигитларни ҳам ортда қолдиради, — дейди бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи, майор Хуршидбек Солиев. — Ўзи ҳам тинмайди, атрофидагиларни ҳам тиндирмайди.

У вилоят ички ишлар органлари соҳавий хизматлар ходимларининг мурувват тадбирларида фаол иштироки, халқ ишончини қозонаётган фидойилар ҳақида лавҳалар, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлганларни хотирлаб, кўрсатувлар тайёрлайди. Унинг теран нигоҳидан ҳеч бир воқелик четда қолмайди. Айниқса, тарғиботга хизмат қилувчи таъсирчан видеороликлари кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Назира янгиликка интилади, томошабинни ҳайратлантира олади. Жорий йил бошида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ярим тунда йўловчи ҳомиладор аёлни туғруқ бўлимига етказиб боргунча хизмат автомашинасида чақалоқ дунёга келгани ҳақида Назира тайёрлаган лавҳа катта шов-шувларга сабаб бўлди. Журналистнинг ана шундай катта қаҳрамонликлар кўрсатаётган ходимларни топиб, оммага тақдим этаётгани таҳсинга лойиқ.

- Назира хизмат фаолиятини бошлаганига эндигина 3 йил тўлди. Шу вақт мобайнида бошқарма раҳбарияти томонидан хизматлари муносиб эътироф этилиб, бир неча марта рағбатлантирилди, — дейди вилоят ИИБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Маҳлиё Убайдуллаева. — Уни соҳада ишлаётган хотин-қизларга ибрат қилиб кўрсатсак арзийди.

Назира айни пайтда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг сиртқи бўлими 3-босқич талабаси. У иш ва ўқишни тенг олиб бориб, назарий билимларини амалиётда қўллаш имконига ҳам эга бўлмоқда.

Улкан мақсадлар сари дадил қадамлар ташлаётган қаҳрамонимиз ҳақидаги гапни шу ерда мухтасар қилдик. Унинг кейинги ҳаётидаги муҳим ўзгаришлар, орзулари ҳақида яна, албатта, ҳикоя қиламиз.

Гулчеҳра Бувамирзаева, “Postda” мухбири. Наманган вилояти.

Text to speech