Сайёр қабулда маҳалла ва мактаб муаммолари ижобий ҳал этилди.
Халқ дарди ва ташвиши билан яшаш бугун ҳар бир давлат хизматчиси олдида турган муҳим вазифадир. Наманган вилояти ИИБ бошлиғи 3-сектор раҳбари полковник А.И.Атаходжаев томонидан ана шу тамойилга амал қилган ҳолда имкон қадар ҳар бир мурожаатни ижобий ҳал этиб келинмоқда. Жорий йилнинг 12 августь куни Косонсой тумани Халқ қабулхонаси биносида ўтказилган сайёр қабулда ҳам туман аҳолисининг турли муаммолари, ариза ва шикоятлари билан танишилди. Туман ҳокими, суд раиси ва мутасадди идора вакиллари иштирокида бўлиб ўтган қабулда кўплаб фуқаролар турли масалалар билан ташриф буюришди. Мурожаатчилар орасида Пробация назоратида турувчи, муқаддам қилган хатосидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган фуқаролар ҳам бўлиб, уларнинг масалалари ҳам туман суди раиси томонидан кўриб чиқилди.
50 нафар фуқаро томонидан билдирилган 51 та турли хил ариза ва мурожаатларнинг 27таси жойида ижобий ечим топди. 14 мурожаатнинг ижроси муддат талаб этгани боис назоратга олинди, 10та мурожаат муаллифига эса хуқуқий тушунтириш берилди.
Куз фасли кириб келиши билан ёғингарчиликлар ҳам кўпайиб боради. Албатта ёмғирлар ҳосилни мўл бўлишига ёрдам беради, бироқ асфалт қилинмаган кўчалар бўйида яшовчи аҳоли ёмғирдан азият чекишлари мумкин. Тумандаги “Бўстон” маҳалласининг қатнов йўллари чанг ва тупроқдан иборат эди. Сайёр қабулда ушбу масала ҳам кўтарилди ва махалла муаммолари ижобий ечим топди.
Худди шу каби муаммолар тумандаги “Тагижар” маҳалласида ҳам мавжуд. Ушбу маҳаллада электр симларини узатиб берувчи симёғочлар бўлмаган. Борлари ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Маҳалла фаолларининг мурожаатига биноан сайёр қабулдан сўнг кўчаларга симёғочлар ўрнатилди.
Шунингдек сайёр қабул давомида маиший газ баллони, ногиронлик аравачаси сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди. Фуқароликка эга бўлмаган икки нафар юртдошимиз ва олти нафар 16ёшга тўлган йигит қизларга илк бора фуқаролик ID карталари тантанали равишда топширилди.
Туман ҳокимлиги томонидан эса ҳудуд профилактика инспекторларига хизматда фойдаланиш учун компютер тўпламлари тақдим этилди.
Тумандаги 33-мактабнинг ўқувчи қизлари спортнинг “Гандбол” тури билан шуғулланишади. Бироқ, уларнинг машғулотларига мактабда етарлича шароитлар яратилмаган эди. 3-сектор томонидан спортчиларга майдонча қуриб берилди. Сайёр қабулдан сўнг сектор раҳбари мактаб шароитини ўрганиш давомида янги ташкил этилган майдончада куз-қиш фаслида ҳам машғулотларни муаммосиз давом этириш учун шароитлар яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Сектор раҳбари ҳудуддаги 33-сонли МТМ мудираси томонидан билдирилган мурожаатни ўрганиш мақсадида боғчага бориб, аниқланган мавжуд камчиликларни тез орада бартараф этиш ва болаларнинг муассасада етарли шароитга эга холда тарбияланишлари учун лозим чора тадбирларни кўриш бўйича топшириқлар берди. Аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал этишга қаратилган сайёр қабуллар вилоятимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати