Расмий муносабат: Суриштирув ишларидан сўнг хўроз ўйини тўхтатилган.
Ижтимоий тармоқларда “Наманган вилояти Уйчи туманида ноқонуний хўроз уриштириш орқали қимор ўйини ташкил этилмоқда. 2020 йилда қимор ортидан низо келиб чиқиб отишма ҳам содир бўлган эди. Фожиага қарамай қимор ҳали ҳам давом этмоқда...” изоҳи билан тарқалган видеохабар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.
Ушбу видео материал бўйича суриштирув ишлари олиб борилганда қуйдагилар аниқланди.
Фуқаро А.С.га 2018 йил Наманган вилояти хокимлигининг қарори, Уйчи туман хокимлигининг қарори билан Уйчи туманидаги жами 0.50 га ер майдони “Кичик отхона ва ем хашак сақлаш омбори, миллий ўйинлар ўтказиш” учун ажратилган бўлиб, 14.08.2018 йил куни Наманган вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси Уйчи туман филиали томонидан кадастр иши кўриб чиқилиб кўчмас мулк хисобида расмийлаштириб берилган.
Ушбу ер майдонида миллий ўйинлар ўтказиш учун 0.10 га айлана шаклидаги ёпиқ бино ва 0.05 га эса отлар учун ем-хашак сақлаш учун бинолар қурилган бўлиб, хозирда отхона қуриш учун ер майдони ажратилиб тайёргарлик ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, А.С. жорий йилнинг март ойида ушбу ҳудудни 9 ой муддатга фуқаро С.Д.га “Кўчмас мулк ижара шартномасинини хисобга қўйилганлиги ҳақида билдиришнома” орқали ўтказиб берганлиги аниқланди.
Шу йилнинг 9 апрель куни интернет ижтимоий тармоғида эълон қилинган мақола юзасидан МЧЖнинг фаолияти туман ХМҚОлари билан ҳамкорликда хизмат фаолиятини қонуний ёки ноқонуний олиб борилаётганлигини текшириш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ушбу худудда хўроз ўйини ўтказиш мумкин эмаслиги тушунтирилган ва ўйинлар тўхтатилган.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати