Расмий муносабат: ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат юзасидан Наманган вилояти ИИБ томонидан ўтказилган суриштирув ишлари натижасида қуйидагилар маълум бўлди.
Жорий йил 23 март куни соат 11:10да Чортоқ туман ИИБ навбатчилик қисмига Наманган шаҳар, Абу Райхон Беруний МФЙда яшовчи фуқаро Ю.Ш. томонидан ўзи ва укаси Ю.Мга Чортоқ тумани Сарой МФЙда бир неча нотаниш шахслар томонидан тан жарохати етказилганлиги ҳолати юзасидан хабар келиб тушган.
Хабарга асосан тезкор-тергов гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, Чортоқ тумани Сарой МФЙ ҳудудидаги Дўстлик Сарой ММТП автотураргоҳини Ю.Ш. томонидан 2020 йил июнь ойида туя боқиш ва туя сути билан даволаш учун клиникасини барпо этиш мақсадида аукциондан 125,0 млн. сўмга сотиб олган ва ушбу жойга 13 бош туяларни жойлаштирганидан сўнг, фуқароларнинг экинлари ҳамда дарахт кўчатларини туялар еб, пайхон қилган, ушбу холатлар фуқаролар орасида ҳозирга қадар норозилик келтириб чиқарилишига сабабчи бўлган.
Аниқланишича, туман Тиббиёт бирлашмаси 03.03.2021 йилдаги хати билан “Сарой” қишлоқ врачлик пункти биносининг ер тўласи, 1 ва 2-қаватлари тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ижарага берилишини ташкиллаштиришда амалий ёрдам беришни сўраб, Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг вилоят бошқармасига мурожаат қилган.
Мазкур хатга асосан бинонинг ер тўласи, 1 ва 2-қаватлари алоҳида ҳолатда e-auksion.uz сайтига қўйилган.
Аукционда 19.03.2021 йилда 10.225.227 сўмга Ю.Шнинг укаси томонидан ютиб олинган.
2021 йил 23 март куни соат тахминан 11:00 ларда Чортоқ тумани, Сарой МФЙ ҳудудида жойлашган ҚВП биносига Ю.Шнинг укаси келиб, ушбу ҚВП биносини туя сут билан даволашга мослаштирилган клиника қилиниш учун таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида келганлиги сабабли, ҚВП ҳамширасига бинони бўшатишини айтган.
Шундан сўнг, ҳамшира мазкур ҳолатни Сарой МФЙ ҳудудида жойлашган махаллий қабристонда ҳашарда бўлган 20 нафар фуқароларга етказган.
Орадан бироз вақт ўтиб Ю.М. акаси Ю.Ш.ни воқеа жойига чақирган ва у келиб уяли телефон аппаратига тасвирга олишни бошлаганидан сўнг, фуқаролар томонидан норозилик ҳолатлари келиб чиққан.
Икки нафар фуқаро жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, ака-ука М.М.Юсупов ва Ш.М.Юсуповларни бош ва юз қисмларига уриб-дўппослаб тан жароҳати етказган.
Натижада, Ю.Ш. чап қош соҳаси лат еган жарохати, бошни тепа соҳаси йиртилган жарохати ва Ю.М. чап қош соҳаси йиртилган жарохати билан туман марказий шифохонасига жойлаштирилганлар.
Вилоят СТЭБнинг 23.03.2021 йилдаги дастлабки маълумотномасида Ю.Ш. ва Ю.М. олган тан жароҳатлари оғирлик даражасига кўра, соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан икки нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати