16 Июл 2021 йил 658

Расмий муносабат: Фуқарога ушбу ҳолат юзасидан судга мурожаат этиши мумкинлиги тушунтирилган.

Ижтимоий тармоқларда “Мен – Фарҳод Лутфуллаев, Наманган шаҳри Баркамол авлод МФЙ 14-Мусаффо кўча 33-уйда яшайман. Фирибгарлар менга тегишли “Спарк” русумли автоуловни ўзлаштириб, сотиб юборган. Уларга қонуний чора кўришларини сўраб ИИБга ариза қилганман, аммо жавоб йўқ. Бир ойдан бери 102, 1102, 1007 қисқа рақамларига тушолмаяпман. Жиноятчиларни жазолашларини сўрайман” изоҳи билан тарқалган видеомурожаат юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.

Жорий йил 22 июнь куни Наманган шаҳар Баркамол Авлод МФЙда яшовчи 1982 йилда туғилган фуқаро Лутфиллаев Фарход Неъматуллаевич Ўзбекистон Республикаси ИИВга “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилиб, унда 2019 йил 13 ноябрь куни Наманган шаҳар Навоий кўчасида жойлашган Шодлик савдо марказини олдида “Иқбола” ва “Аброр” исмли танишлари билан ўзаро келишган ҳолда ўзининг номида бўлган СПАРК русумли автомашинасини 5.500 АҚШ долларига сотганлигини, ушбу автомашина хужжатларини Давлатобод тумани 3-Кичик ноҳия ҳудудида жойлашган Бахт уйи биносида бўлган Нотариал идорасида Иқболани номига расмийлаштириб берганлигини, лекин шу кунга қадар Иқбола келишилган 5.500 АҚШ долларидан 3.000 АҚШ долларини бериб, қолган 2.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини бермасдан келаётганлигини маълум қилиб амалий ёрдам сўраган.

Фуқаронинг мазкур мурожаати юзасидан Наманган шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ҲПГ профилактика инспектори катта лейтенант Б.Мўминов томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб берилган.

Натижада,Ф.Лутфуллаев 28.05.2021 йил куни юқоридаги масала юзасидан “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилганлиги, ушбу мурожаат Наманган шаҳар ИИО ФМБ Давлатобод тумани ИИБ Навбатчилик қисмида мавжуд бўлган Илова-2 китобига рўйхатга олиниб, Давлатобод тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лейтенант Д.Қосимжонов томонидан суриштирув харакатлари олиб борилганлиги, суриштирув ҳаракатлари давомида Аброр таниши Ф.Лутфиллаевдан Спарк автомашинасини пулини 6 ой давомида бериш шарти билан 5.500 АҚШ долларига келишган холда сотиб олиб, ушбу автомашинани Иқболага ундан бўлган қарзи эвазига бериб, хужжатларни унинг номига нотариус орқали расмийлаштириб берганлиги, ҳақиқатдан ҳам Аброр ҳозирги кунга қадар фуқаро Ф.Лутфиллаевга келишилган 5.500 АҚШ долларидан 3.000 АҚШ долларини бериб, қолган 2.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бермаганлиги маълум бўлган. Суриштирув давомида Аброр Ф.Лутфиллаевга 100 АҚШ доллари миқдорида пул берган ва бу ҳақда тилхат ёзиб берган.

Профилактика инспектори лейтенант Д.Қосимжонов томонидан мазкур ҳолатда Аброр ҳамда Ф.Лутфиллаевларнинг ўртасида ўзаро келишув асосида мулкий низо келиб чиққанлиги сабабли, бу каби низолар бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига мурожаат қилишлари тушунтирилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди, 330-моддаси 2-банди ва 333-моддаларига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг, фуқаро Ф.Лутфиллаевнинг 22.06.2021 йил кунги Ўзбекистон Республикаси ИИВга “Ишонч телефони” орқали мурожаати юзасидан профилактика инспектори Б.Мўминов томонидан аввал ҳам ушбу мурожаат кўриб чиқилганлиги, ушбу мурожаат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги, манфаатдор томонларга жойлардаги Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилганлигини инобатга олиб, хулоса билан якунланган.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech