17 Апрел 2021 йил 808

Расмий муносабат: “Сув таъминоти” корхонаси раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

“Косонсойда амалдор молларини боқишни истамаган ходимини ўласи қилиб калтаклади” изоҳи билан тарқалган хабар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий маълумоти.
Косонсой тумани “Гулистон-1” МФЙда яшовчи А.Э. жорий йилнинг 7 апрель куни туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни иш жойи яъни Косонсой тумани “Сув таъминоти” корхонасига борганлигини, корхона рахбари М.К. уни хонасига чақирганлиги ва унга ойлик иш ҳақларини бермаганлиги сабабли Наманган вилояти “Сув таъминоти” бошқармасига ариза берган ходимлар орасида у ҳам бўлганлиги учун уни ишдан бўшатишини билдирганлигини ва шу куни соат 12:00ларда ишхонасида овқатланиб ўтирган вақтида М.К., унинг укаси, ўғли ва яна бир киши билан кириб келиб, ҳали ҳам кетмаганлигини айтиб, ўзаро гап тортишгани, шундан сўнг қўли билан бош, бел, оёқ қисмларига уриб, тан жароҳати етказганлигини маълум қилиб, мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ўзбекистон Республикаси суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Намаган вилоят филиалининг 12.04.2021 йилда берган хулосасида А.Э.нинг тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати гурухига кириши, ушбу жароҳатлар жойлашган ўрни ва ҳусусиятига кўра, ўзи йиқилиб тушиши натижасида олиши эҳтимоли камлиги кўрсатилган.
Мазкур холат бўйича фуқаро М.К.га нисбатан 14.04.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech