15 Феврал 2024 йил 3134

Раҳбар ва ёшлар учрашуви: "Ҳеч бир йигит-қиз тақдири бизни бефарқ қолдирмаслиги керак"

Раҳбар ва ёшлар учрашуви: "Ҳеч бир йигит-қиз тақдири бизни бефарқ қолдирмаслиги керак"

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурилиши турли тизимда фаолият юритаётган раҳбарларнинг ёшлар билан самарали иш олиб боришида, уларнинг доимий бандлигини таъминланишида дастур-ул амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник Шухрат Алиев ҳам вилоят ёшларининг муаммоли мурожаатларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш мақсадида мунтазам равишда сайёр қабуллар, учрашув ҳамда мулоқотлар ўтказиб келмоқда.

Бу галги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” Бошқарма тасарруфидаги «Динамо» ўйингоҳида ташкил этилди. Унда 500 дан ортиқ йигит-қиз ва уларга бириктирилган раҳбарлар иштирок этишди.

Дастлаб, бошқарма бошлиғи сўз олиб, бугунги кунда юртимизда ёшларга яратилаётган имконият, эътибор ва ғамхўрлик натижасида кўплаб қизу ўғлонлар фан, маданият, санъат ва спорт йўналишларида Ватан байроғини юксакларга кўтаришаётгани, дунё ҳамжамиятида мамлакатнинг муносиб ўринга эга бўлишида ўз ҳиссаларини қўшиб келишаётганини алоҳида таъкидлади. Бироқ шунча шароит ва имкониятлардан фойдаланмай, ўқиш, изланиш ўрнига вақтини бесамар ўтказаётган ёшлар афсуски билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолаётгани ҳам аниқ мисоллар билан йиғилганларга етказилди.

Учрашув якунида полковник Алиев “Ҳеч бир йигит-қиз тақдири бизни бефарқ қолдирмаслиги керак”, дея таъкидлаб, ёшларга бириктирилган раҳбарларга муаммоли, уюшмаган ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож ёшлар билан манзилли ишларни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини тушунтирди.

Шундан сўнг Ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятида фойдаланиладиган махсус воситалар, хизмат автомашиналари ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилиб, улар ҳақида мутахассислар томонидан ёшларга батафсил маълумот берилди.

Жанговар саҳна кўринишларининг намойиши эса ҳар бир йигит-қиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка умид туйғуларини янада жонлантиришга хизмат қилди, десак, янглишмаган бўламиз.

Ёшлар ва вояга етмаганлар орасида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларнинг бўш вақтини фойдали ташкил этиш, доимий бандлигини таъминлаш, касбга йўналтириш мақсадида ташкил этилаётган бу каби амалий ишлар барча ҳудудларда давом этмоқда. Зеро, президентимиз айтганидек, "Ёшларнинг бўш вақти — душманнинг иш вақти.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech