9 Сентябр 2020 йил 895

Профилактика инспекторларининг малакаси оширилмоқда.

Профилактика инспектори. Ички ишлар органларининг айни шу йўналишида хизмат қилиб келаётган ходимлардан кўпроқ масуълият, билим-тафаккур ва сабр-қаноат талаб этилади. Боиси уларнинг ҳар бири минглаб оилалар ҳаловати ва хавфсизлиги учун масъулдир. Шу сабабдан уларни касбий ва жисмоний тайёргарликлари мунтазам синовдан ўтказилиб, малакалари ошириб борилади. 

Наманган вилоятида ҳам айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси ИИВ малака ошириш институтининг профессор ўқитувчилари томонидан сайёр ўқув йиғинлари ўтказиб келинмоқда. 

Ташкил этилган ўқув семинари давомида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар орасида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бахс мунозараларга бой бўлган семинар давомида профилактика инспекторлари ҳам фаолиятлари давомида учрайдиган муаммо ва камчиликлар борасида ўзларини қизиқтириб келган саволларга устозлардан аниқ жавоблар олишди. 

Ички ишлар тизимида хизмат олиб бораётган ҳар бир ходим энг аввало халқ ва Ватан манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда иш олиб борса ўша мамлакатда ҳотиржамлик ва фаровонлик ҳукм суради.

Инсонларнинг кундузи беҳавотир юришлари, тунда эса тинч ором олишлари учун юрт посбонлари уйқусидан кечиб, осойишталикни сақлаб туришга масъулдирлар. Бу каби ўқув йиғинлари эса ана шу масъулиятга муносиб ходим бўлишга хизмат қилиши шубхасиз. 

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech