22 Апрел 2023 йил 653

Поп туманида "Ўзбекистон - ёшлар мамлакати" шиори остида "Ёшлар сайли" ўтказилмоқда.

Туманнинг 3-сектор ҳудудига кирувчи «Озод» маҳалласида жойлашган 32-сонли мактабда "Ёшлар сайли" дастурлари бошланди. Сайл доирасида ҳудуд ёшларини мароқли дам олишлари учун Ёшлар ишлари агентлиги Поп туман бўлими томонидан кўнгилочар дастурлар, ақлни чархловчи интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ўтказилди. «Заковат» ҳамда «шахмат-шашка» мусобақасида иштирок этган ёшлар бу ўйинлар орқали мактабда ўзлаштирган билим-кўникмаларини синовдан ўтказишга муваффақ бўлишди. Армрестлинг ва стол тенниси эса иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарликлари, тезкорлиги ҳамда чаққонлигини янада оширди. Намойиш этилган кинофильмлар ўқувчиларда ватанпарварлик, жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаслик туйғуларини жонлантирди десак муболаға бўлмайди.

Бу каби тадбирларнинг доимий ўтказиб борилиши нафақат ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ёрдам беради, балки, келажакда комил инсон бўлиб етишишлари учун уларда илм олишга бўлган интилишларини янада оширади.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech