12 Май 2025 йил 304

Поп тумани бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати

 Азиз  юртдошлар,  туманимиз ахолиси!

 

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарликларида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар  амалга  оширилмоқда.  

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз  бирдек  гувоҳ  ҳам  бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг   олдини   олишга   бевосита   боғлиқдир.

 

Азиз Поп аҳли!

 

Ўзбек ватандошимизми, чет эллик тадбиркор, сармоядор бўладими, барча — барча, вилоятимизда хусусан туманимизда тинч ва осуда, муносиб  ҳаёт шароитлари билан таминланган, унинг ҳаёти ҳар қандай жиноий тажовуз ва таҳдидлардан кафолатли ҳимояланган бўлиши шарт.

Қонун устуворлигини таъминламасдан, бу вазифага эришиб бўлмайди.

«Янги Ўзбекистон»да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Тумандаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта тасир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг 77 махалласидаги ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

 

Қадрли юртдошлар !

 

Ўзларингга маълумки туманимиздаги Чодак,  Чоркесар, Қўшминор ва бошқа махалла худудларига вилоятимиз ҳамда республикамизни бошқа минтақларидан ёз мавсумида дам олувчилар оқими йилдан-йилга кўпаймоқда, бу ҳолат туманимизнинг «Ташриф қоғози»га айланиб улгурди.

Туманимизда барча сохада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида инвестиция мухити ранг баранглиги ошмоқда ва инвесторлар қизиқишини оширмоқда.

Ўтган йилги дам олиш мавсумида туманимиз худудига 10 дан ортиқ давлатлар ва Республикамизнинг турли вилоятларидан 1 млн.дан ошиқ сайёҳлар ташриф буюрганини кўришимиз мумкин.

Бу хизмат кўрсатиш соҳаларини такомиллашишига ва шу орқали туманимиз бюджетига тушаётган маблағларни ошишига олиб келмоқда.

 

Азиз ватандошлар !

 

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган 1 — сонли қарорлари асосида жиноятларнинг сабабларини «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасидан келиб чиқиб тоифалаш тизими, «маҳалла еттилиги» институти, «ижтимоий профилактика» тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора -тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, менинг раҳбарлигимда туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи  штаб  фаолияти  йўлга  қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги 77 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 10 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.

Барча маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора — тадбирлар «йўл хариталари» ишлаб чиқилди.

«Йўл хариталари» ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 100 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 3600 градус айланувчи 5 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 35 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 3 та, жами бўлиб 142 га яқин камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 60 дан ортиқ домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 27 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди, 19 та савдо муассасалари ва қарийб 200 та  хонадонлар  тезкор  қўриқловга  олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи «Ҳудуд камера назоратида!», «Объект қўриқловда!» ҳамда «Хонадон қўриқловда!» каби жами 541 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 28 та «намунавий хавфсиз кўча» ҳамда 52 та «намунавий хавфсиз йўлак» ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 125 та ёритиш воситалари билан таъминланди. Албатта бу натижа беряпти.

Мисол учун, йил бошидан бери туманда ўрнатилган камералар ёрдамида қочувда юрган 2 нафар, жазодан бўйин товлаб келган пробация ҳисобидаги 1 нафар жиноятчилар. Шунингдек, бедарак йўқолган 1 нафар шахслар топилиб, 12 та жиноятлар «иссиқ изи»дан фош этилди.

Амалга оширилган чора — тадбирлар натижасида «қизил» тоифада қолган 10 та маҳаллаларнинг 7 тасида криминоген вазият сақланмоқда.

Давлат раҳбарининг Қарорига асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 22 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Эътибор беришингизни истардим. Бу ишлар бир кунлик ёки бир марталик ҳисобот учун қилинаётган ишлар эмас.

Туман махаллаларида содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 2 — чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.

Туманда жиноятчиликни олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини  жорий  этдик.

Бу борада фармойиш қабул қилиб, барча тезкор ходимларни 77 та  маҳаллаларга  номма – ном  бириктирдик.

Ҳар бир соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар  ишлаб  чиқдик  ва  тарқатдик.

Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда  амалий  тадбирларни  ҳам  ўтказади.

Биз эндиликда муаммонинг туб негизигача етиб бориб, «маҳалла  прокурори»  деган  ёндашув  билан  ишлаймиз.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва  таҳлилларнинг натижаларига қаратсам. 

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Жорий йилнинг ўтган 1 — чорагида 43 та ўрганишлар ўтказилиб, 86 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ишлар мунтазам давом этади.

Иккинчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим  бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат  қаратмоқчиман.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини  ҳам  ўйлаб  топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани  ҳам  бунга  яққол  мисол  бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали  содир  этилаётганлиги  ташвишли  ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, туманимиздаги жиноятларнинг 36 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда.  Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик карталардан пул маблағларини ечиб олиш ҳолатлари юзасидан 48 та жиноят иши қўзғатилди.

Оқибатда эса фуқароларга 125 миллион. сўмга яқин зарар етказилгани  аниқланди.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 19 таси ёки 31 фоизи фирибгарлик ҳамда 29 таси ёки 69 фоизи ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни   сир   сақлашни  сўраб   қоламиз.

 

Азиз тумандошлар!

 

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам гапирмоқчиман.

Айтиш керакки, йилнинг дастлабки 3 ойи якунига кўра,
Аёллар жинояти (3-2) камайтиришга эришган бўлсакда ёшлар (75-63), муқаддам судланганлар (2-2) жинояти деярли тенг кўрсатгичда қолган, маст ҳолда (0-1), ишсизлар (0-4), гуруҳлар (2-3), вояга етмаганлар (1-3), ёшлар (8-19) жиноятилари эса бироз ошган.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузар -ликларга оилавий — маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 374 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 312 та чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 271 нафар ишсизлардан 186 нафари ишга жойлаштирилди, 36 нафари касбга ўқитилди, 18 нафари эса, касбга йўналтирилди.

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.

Уларнинг 3 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 21 нафарининг бандлиги таъминланди, 12 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Таълим муассасалари ва жамоат жойларида масъуллар профилактик (давомат, тиғ ва рейд) тадбирларида узоқ муддатга кетган 36 нафар болалар, мунтазам дарс
қолдирувчи 12 нафар, тарбияси оғир 106 нафар ўқувчилар аниқланди. Уларнинг 65 нафари мактабларга қайтарилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 28 та муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш -чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 23 та замонавий камералар ўрнатилди.

Таҳдидлардан яна биттаси, бу йўл вояга етмаганлар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларидир.

Бу йўналиш билан боғлиқ жиноятларни биз кенгроқ таҳлил  қилдик.

Рақамларга қарасак, оҳирги икки йилда қарийб 1 та ҳолатда (2023 й. 1 та, 2024 й. 0 та, 2025 й. 0 та) вояга етмаганлар томонидан йўл — транспорт ҳодисалари содир этилган.

Умуман олганда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўтган 2024 йилнинг ўзида вояга етмаганларнинг 1 нафари вафот этган, 2 нафари эса оғир тан  жароҳати  олган.

Жорий йилда эса, 2 нафари тан жароҳати олган.  

Шунинг учун биз бу борада кенгқамровли тадбирларни белгилаб олдик.

 

Ҳурматли ота-оналар!

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, азиз фарзандларингизни мажруҳ ва ногирон бўлиб қолмасликлари учун аввало уларнинг тарбияси ва таълим олишига алоҳида эътибор қаратишингиздан умидвормиз.

 

Ҳурматли фуқаролар!

 

Коррупцияга қарши курашни кучайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Зеро, сир эмас коррупция ҳар бир соҳанинг ривожига тўсиқ  бўлмоқда. 

Шу сабабли, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш йўлида қатъий муросасиз кайфиятни шакллантириш, унга қарши курашишда мен бутун туманимиз ахлидан ўз ҳиссангизни қўшишга чақираман.

Барча ташкилотлар бўйича таҳлиллар ўтказилаяпти, мана шу март ойининг ўзида юқори идораларга, аҳолига хизмат кўрсатиш, идораларнинг бошқарув тартибини яхшилаш билан боглиқ 10 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди ва юборилди.

 

Ҳурматли фуқаролар!

 

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган,  жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф  қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, «фуқаробай»
иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода «жиноятчиликка қарши иммунитет»ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Азиз ҳамюртлар!

 

Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек   қўйишга  кафолат  беради.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка  чақирамиз.

Зеро, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши ва олди олинишида халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда  дахлдорлик  ҳисси  билан  ёндошишни  сўрайман.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига   шахсан   кафолат   бераман.

Барчамиз  жиноятдан  ҳоли  янги  Ўзбекистон  учун  бирлашайлик !!!

 

Поп тумани ИИБ бошлиғи О.Жабборов

Text to speech