Парламентнинг идоралараро ишчи гуруҳи ташаббуси билан Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасида ўқув-амалий семинар ташкил этилди
Шу кунларда Парламентнинг идоралараро ишчи гуруҳи Наманган вилоятида бўлиб, Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 3 январь куни қабул қилинган ПҚ-1-сон Қарори ижроси юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида республика ишчи гуруҳи масъулларининг ташаббуси билан вилоят Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган ўқув-амалий семинар 3 босқичда ўтказилди. Дастлаб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги, соҳага дахлдор мутасадди ташкилотлар вакиллари, шаҳар-туманлар ҳокимлари, прокурорлари ва ИИБ бошлиқлари иштирок этди.
Шунингдек, иккинчи ва учинчи босқичларда эса 2024 йил якуни бўйича криминоген вазияти оғир деб топилган маҳаллаларнинг профилактика инспекторлари ва раислари ҳам таклиф этилди.
Ўқув-амалий семинарда ҳозирги кунда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича ички ишлар органлари ходимлари томонидан фойдаланилаётган замонавий технологиялар ва техника-воситалар тадбир иштирокчиларга намойиш этилди ҳамда уларнинг техник имкониятлари ҳақида иштирокчиларга мутахассис ходимлар томонидан кенг тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, вилоят Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган “Тезкор бошқарув маркази” фаолияти ҳам таништирилиб, иштирокчилар Марказнинг ишлаш тизими, унинг имкониятлари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги самараси, шу билан бирга тизимни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдилар.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати