29 Апрел 2021 йил 380

Оқ халатга тушган қора доғ.

2013 йилдан буён Наманган вилояти Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси врач статисти вазифасида ишлаб келаётган Ш.Э. ТТБ бош ҳамшираси ёрдамчиси вазифасида ишловчи М.А. билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлган ҳолда, фуқаро М.М. дан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари билан гаплашиб, фаррош вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари пора талаб қилган. Фуқаро М.М. бу ҳақда дарҳол Департаментнинг Учқўрғон туман бўлимига хабар бериб, ҳолатни тўлиқ баён қилган. Фуқаронинг аризасига кўра тезкор тадбир ўтказилиши белгиланиб, тадбир давомида Ш.Э. 400 АҚШ долларини фуқаро М.М.дан олиб, уни ишга қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқ чиқарилгандан сўнг хабар беришини айтиб ҳонасидан чиқариб юборган вақтида ҳодимлар томонидан холислар гувоҳлигида ашёвий далил билан ушланган.

Тергов ҳаракатлари давомида Ш.Э.га Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинганда, Ш.Э. ўз кўрсатмасида айбига тўла иқрорлигини ва қилган ишидан пушаймонда эканлигини билдириб, жиноий шериги М.А. билан бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.М.ни тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари орқали фаррош вазифасига ишга киритиб қўйишлигини айтишиб, 400 АҚШ доллари талаб қилганликларини, ушбу олган пулни тиббиёт рахбарларига бериш мақсади бўлмаганлигини, балки, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарф қилмоқчи эканлигини баён қилган. Унинг гапларини М.А. ҳам тасдиқлаган.

Икки олий маълумотга эга бўлган, эгнига оқ халат кийган ушбу аёллар виждон эмас нафс гапига кириб қолганлари учун бугун уларинг оқ либосига қора доғ тушди. Минг пушаймон бўлсаларда энди уларга жазо муқаррар. Зеро, қонун устивор мамлакатда жиноятлар жазосиз қолмайди.

 

Дилноза Мирзаева Учқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech