Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди
Наманган вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати раҳбарияти томонидан ОАВ вакиллари ҳамда журналист, блогерлар, шунингдек, ҳокимлик ва ташкилотларнинг матбуот хизмати раҳбарлари иштирокида ИИВ Наманган академик лицейида жойлашган “Жасорат” музейига пресс-тур ташкил этилди.
Музей ходими томонидан меҳмонларга ИИОнинг тарихи ва бугуни тўғрисида батафсил маълумотлар берувчи экспозиция ҳамда стендлар таништириб ўтилди. Шундан сўнг, музейда ташкил этилган видеозалда бошқарма Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Генералларни етиштирган диёр” номли махсус фильм йиғилганларга намойиш этилди.
Наманган вилояти ИИОнинг мустақилликгача ва ундан кейинги фаолияти билан яқиндан таништирувчи “Жасорат” музейи ҳамда махсус фильмлар пресс-турга ташриф буюрган ОАВ вакилларига тизим ҳақида ўзларида туғилган турли саволларга жавоб топишларида катта имконият берди десак муболаға бўлмайди.
Пресс-тур доирасида “Коррупцияга қарши кураш ва ИИОда шаффофликни таъминлаш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур анжуманда журналистлар тергов, профилактика ва йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишларида соҳа мутахассисларига саволлар билан мурожаат қилишди. Анжуманда фақат саволлар эмас иш самарадорлигини оширишга доир таклифлар ҳам билдирилиб, тизимда коррупцияга қарши курашиш, уни олдини олиш, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун ҳамкорликда иш ташкил этишга келишиб олинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати