Омикрондан сақланинг!
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус инфекциясининг янги “Омикрон” штамми кўплаб давлатларда кенг тарқалаётганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Афсуски, ушбу касаллик юртимизда ҳам аниқланди. Шу боисдан эҳтиёт чорасини кўриш, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш бўйича аҳоли гавжум ҳудудларда тарғибот тадбирларига киришилди.
Бутун дунё аҳолисини ташвишга солаётган коронавирус инфекциясининг янги штамми тиббиёт мутахассисларини ҳам хавотирга қўймоқда. Касаллик эса хорижий давлатлар орқали мамлакатимиз ҳудудигача етиб келгани ташвишланарли, албатта. Унга қарши кураш чоралари Наманган вилоятида ҳам муайян тартибда амалга оширилмоқда. Вилоят ички ишлар, Миллий гвардия ҳамда санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Коронавируснинг “Омикрон” штаммидан сақланишда шахсий гигиена талабларига тўлиқ амал қилиш, озода юриш ва ниқобда бўлиш энг асосий омил саналади.
Бугун ҳар қачонгиданда хушёр бўлишимиз, саломатлигимизга катта эътибор қаратишимиз лозим. Боиси, ҳар қандай вирус инсон ҳаёти учун хавфли бўлиб, бепарволик оқибатида турли хил кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлигига бефарқ бўлманг!
Журналист: Аброр Тошматов
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати