Ўғирлаб кетилган трактор чироқлари топилди.
2021 йил 8 октябрь куни, Норин туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шу йил 4 октябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс, яшаш уйи олдида турган МТЗ-80 русумли тракторини нархи 200.000 сўмлик 2 дона орқа ёритгич чироқларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
Норин туман ИИБ ЖҚБ бошлиғи, тезкор вакили ва ҲПМБ профилактика инспекторлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни, Норин туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро содир этганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, фуқаро шу йил 2 октябрь куни соат 18:00 ларда, Норин туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган фуқарога тегишли Норин тумани ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги дала шийпонида турган Беларус русумли тракторини нархи 300.000 сўмлик 2 дона ёритгич чироқларини ўғирлаб кетганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича Норин туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 9 октябрь куни Ўз.Р ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати