Оғир ҳудудлар обод манзилларга айланмоқда
Поп туманининг энг обод маҳаллаларидан бирига айланган Уйғурсой маҳалласи бугун бутун туман аҳлини ўз бағрига чорлади. Ушбу кўркам масканнинг очилиш маросимида Ички ишлар вазири ўринбосари генерал майор Азиз Икрамов, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков, вилоят ҳамда туман сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Жорий йил бошида вилоят бўйича 28 та оғир ҳудудлардаги МФЙларни ривожлантириш бўйича алоҳида Ҳудудий дастур қабул қилинган эди. Жумладан, Поп туманининг Уйғурсой маҳалласида ичимлик ва оқава суви, электр таъминотини яхшилаш, ички йўлларни ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Уйғурсой маҳалласида 23 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига бунёдкорлик ишлари олиб борилди.
- Қайта жонланиши керак бўлган, сув, электр, табиий газ, йўли муаммо бўлган ушбу маҳалланинг бир кун келиб файзли обод шаҳарчага айланишига ҳатто маҳалла аҳолиси ҳам ишонмасди, - деди вилоят ҳокими.
Уйғурсойда 10,0 км ички йўллар шағаллаштирилди, 2 км ички йўллар цемент бетон қопламаси билан янгитдан қурилди, 1 км ички йўл асфалтьлаштирилди, 18,0 км ичимлик суви тармоғи тортилди ва 1 та сув иншооти қайта реконструкция қилинди.
Бундан ташқари, 2,1 км электр тармоғини янгитдан қурилиб, 2 дона янги трансформатор ўрнатилди, 70 дона таянч устунларни янги бетон таянч устунларига алмаштирилди.
Маҳаллада пиёдалар йўлакчаси барпо этилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 29 та кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишларда вилоятимиз ҳамда туманда фаолият олиб бораётган бир қатор ташкилотлари яқиндан кўмаклашдилар.
Ички ишлар вазирлигининг ташаббуси билан 5 млрд. сўмлик маблағлар ҳисобига аҳолини бандлигини таъминлаш ва ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун спорт (workout, волейбол, баскетбол ҳамда футбол) майдончалари барпо қилинди. Шу билан биргаликда йиллар давомида қаровсиз бўлган ачинарли ҳолатдаги Маданият биноси қайта таъмирланиб, муҳташам Маънавият ва маърифат марказига айлантирилди.
Маҳалладаги оилавий шифокорлик пункти таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Келгусида ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида мактабгача таълим муассасаси ва умумий ўрта таълим мактаби капитал реконструкция қилиниши режалаштирилган.
Келгусида бу маҳаллада хайрли ишларни давоми сифатида 5,0 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига аҳолини бандлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида муҳтарам Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш борасида олиб бораётган ишларининг яна бир ёрқин мисолидир.