15 Май 2024 йил 11543

“Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари. Одам савдосини аниқлаш ва тергов қилиш” бўйича Наманганда семинар тренинглар ташкил этилди

2024 йил 14-15 май кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари. Одам савдосини аниқлаш ва тергов қилиш” бўйича ҳудудларда семинар тренинглар ташкил этилиб,Ички ишлар вазирлигининг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари мутахассислари учун белгиланган тўртта ҳудудий семинар тренинглардан учинчиси Наманган шаҳрида бўлиб ўтди.

Семинар Иштирокчилар учун соҳанинг кучли мутахассислари, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёда одам савдоси ва муҳожирларни ноқонуний ташишга қарши курашиш бўйича минтақавий маслаҳатчиси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Одам савдосига қарши курашиш бўлимининг етакчи мутахассислари ва терговчиси бошчилигида ўқув машғулотлари олиб борилди. Машғулот давомида одам савдосининг ҳуқуқий асослари ва турли жиҳатлари, жумладан, унинг турли шакллари, далилларни баҳолаш ва жабрланганларни қўллаб-қувватлаш масалалари ўрганилди.

Бундан ташқари, иштирокчилар халқаро конвенция ва шартномалар, жумладан, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи ва глобал даражада одам савдосига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни йўлга қўювчи “Одам савдосини олдини олиш, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва жазолаш тўғрисидаги Баённомаси” билан танишдилар. Яна бир сессияда Ўзбекистондаги миллий қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар батафсил ўрганилди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech