Очиқ сув ҳавзаларида чўмилишнинг ҳам тартиб-қоидалари бор
Ёзнинг қайноқ ҳавоси кишини салқин жойларда, сув ҳавзалари атрофида вақт ўтказишга ундайди. Айниқса болалар таътил вақтида дарё, сойдан бери келишмайди. Бироқ, сузиш мумкин бўлмаган ҳавзаларда чўмилиш инсон ҳаёти учун катта хавф туғдириши мумкин. Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХБ ҳамда вилоят ФВБ ходимлари томонидан сув билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида ҳудудларда тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Наманган шаҳрининг “Соҳил” ва “Саноат” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи сузиш ҳавзаларида олиб борилган тарғибот тадбирлари давомида ёш болалар ва ёши катталарга чўмилиш тартиб қоидалари эслатилди.
Шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида инсон ўз умрига зомин бўлиб қолиши мумкинлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди.
Ходимлар томонидан чўмилиш учун очиқ сув ҳавзаларида сувнинг ҳарорати 17 даражадан юқори ва 30 даражадан паст бўлиши кераклиги, чўмилувчилар эса қизиб турган пайтда совуқ сувга бирдан тушмасликлари акс ҳолда томирлар тортиши ва бу орқали чўкиш ҳолати юзага келиши мумкинлиги борасида қатъий огоҳлантиришлар берилди.
Ҳурматли фуқаролар, “Чўмилиш тақиқланади” белгилари ўрнатилган масканларда асло чўмилманг! Фарзандларингизни назоратга олинг! Имкон қадар чўмилиш ва сузишга мўлжалланган сув ҳавзаларидан фойдаланинг. Ўзингиз ва фарзандларингиз ҳаётига бефарқ бўлманг. Сузишни билиш ҳар доим ҳам чўкишдан қутқариб қолмаслиги мумкин. Шундай экан огоҳ ва ҳушёр бўлинг.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати