"Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни олдини олишда маҳалла бешлигининг фаолиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Чуст тумани “Баймоқ” МФЙда "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни олдини олишда маҳалла бешлигининг фаолиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев, туман ҳокими, шаҳар туман ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда алоқадор ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, бошқарма бошлиғи маҳалла бешлиги билан мулоқот қилди ҳамда 2023 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселекторда келтирилган масалалар ва 30 март кунги ИИВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликларининг “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисидаги 10-сонли қўшма қарорининг мазмун моҳияти, унда белгилаб берилган вазифаларни яна бир бор эслатиб ўтди.
Шундан сўнг, Чуст туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари томонидан "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида туманда олиб борилаётган амалий ишлар ва келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берувчи тақдимот намойиш этилди.
Тақдимотда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишда бешлик, яъни профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолига юклатилган вазифалар ва функционал мажбуриятлари тўлиқ баён этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маҳалла бешлиги томонидан ўзига бириктирилган тоифадаги шахсларга профилактик таъсир кўрсатиш ва ижтимоий мослаштириш фаолияти ҳар чоракда “Яхши”, “Қониқарли”, “Қониқарсиз” мезонлари асосида баҳоланади. Чораклик ва ярим йиллик муҳокамалар якунига кўра бешлик аъзоларига ўрнатилган тартибда рағбатлантириш ёки интизомий жазо чоралари қўлланилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати