26 Июл 2021 йил 582

Норин туманидаги аянчли ҳодиса аҳоли иштирокида муҳокама қилинди

Жорий йил 23 июль куни соат 01:40 ларда, Норин туманида яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро 1987 йилда туғилган турмуш ўртоғининг чевархонасига маст ҳолатда бориб, “Сен нега бошқа йигитлар билан телефонда гаплашяпсан”-деб, уни рашқ қилиб, ўзаро жанжаллашиб, қўлида бўлган ош пичоқ билан ўнг билак соҳаси ва чап кўкрак соҳасига урган.
Натижада, аёл оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан 2021 йил 23 июль куни Ўз.Р Жкнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ўз.Р ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигида унинг ўринбосарлари, туман ҳокими, сектор раҳбарлари, масъуллар ва ҳудуд аҳолиси иштирокида ҳодисанинг муҳокамаси ўтказилди. Унда бошқарма бошлиғи сўнгги пайтларда содир бўлаётган жиноятларнинг аксарияти арзимас сабаблар ортидан юзага келаётгани ҳақида куюниб гапирди. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар орасида ўзаро ҳурмат йўқолиб бораётгани, атрофдаги одамларнинг бефарқлиги, масъулларнинг масъулиятсизлиги ҳам қаттиқ танқид остига олинди.

Бу каби жиноятлар қайта содир бўлмаслиги учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ва фуқаролар доимий ҳамкорликда ишлаши зарурлиги йиғилганларга тушунтирилди.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech