12 Май 2025 йил 128

Янгиқўрғон туман прокурорининг туман аҳолисига мурожаати

Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.

Азиз Янгиқўрғон аҳли!

Ўзбек ватандошимизми, чет эллик тадбиркор, сармоядор бўладими, барча - барча, Ўзбекистонимизда тинч ва осуда, муносиб  ҳаёт шароитлари билан таьминланган, унинг ҳаёти ҳар қандай жиноий тажовуз ва таҳдидлардан кафолатли ҳимояланган бўлиши шарт.

Қонун устуворлигини таъминламасдан, бу вазифага эришиб бўлмайди.

“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Янгиқўрғон туманидаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таьминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

Азиз ватандошлар !

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

Президентимизнинг 2025 йил 3-январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган 1-сонли қарорлари асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, вилоят прокурори раҳбарлигида вилоят ва туман-шаҳар прокуратураларида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 71 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир, 14 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди. Барча маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирли йўл хариталари  ишлаб чиқилди.

Йўл хариталари ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллаларда аҳоли гавжум жойларда 128 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисга 360 градус айланувчи 3 та, маҳаллаларнинг асосий кириш чиқиш жойларига 37 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомабил рақамини таниб олувчи 4 та, мактаблардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига, очиқ спорт майдонларига 30 та, жами 202 та PTZ-камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 33 дан ортиқ дамафонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 200 дан зиёд ташвиш тугмалари ўрнатилди. Маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги 200 дан ортиқ  хонадонларни Миллий гвардия қўриқлаш хизмат томонидан тезкор қўриқловга олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 370 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 15 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 23 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 350 та ёритиш воситалари билан таъминланди. Албатта бу натижа беряпти.

Мисол учун, йил бошидан бери туманда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда юрган 1 нафар жиноятчилар ушланди. Шунингдек, бедарак йўқолган 1 нафар шахслар топилиб, 4 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.

Амалга оширилган чора - тадбирлар натижасида “қизил” тоифада қолган 13 та маҳаллаларнинг 11 тасида криминоген вазият сақланмоқда. (2025 йил 3 ой якунига кўра, Сойбўйи ва Қораполвон қизил маҳалла тоифасида туради)

Давлат раҳбарининг Қарорига асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 41 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Эътибор беришингизни истардим. Бу ишлар бир кунлик ёки бир марталик ҳисобот учун қилинаётган ишлар эмас.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 2-чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.

Туманда жиноятчиликни олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини  жорий  этдик.

Бу борада фармойиш қабул қилиб, барча тезкор ходим-лар 71 та маҳаллаларга  номма – ном бириктирдик.

Ҳар бир соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқдик ва тарқатдик.

Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноят-ларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда  амалий  тадбирларни  ҳам  ўтказади.

Биз эндиликда муаммонинг туб негизигача етиб бориб, “маҳалла  прокурори” деган  ёндашув  билан  ишлаймиз.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва  таҳлилларнинг натижаларига қаратсам. 

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Жорий йилнинг ўтган 1-чорагида 11 та ўрганишлар ўтказилиб, 200 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ишлар мунтазам давом этади.

Иккинчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим  бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат  қаратмоқчиман.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини  ҳам  ўйлаб  топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, тумандаги жиноятларнинг 34 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик карталардан пул маблағларини ечиб олиш ҳолатлари юзасидан 68 та жиноят иши қўзғатилди.

Оқибатда эса фуқароларга 500 млн. сўмга яқин зарар етказилгани аниқланди.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 9 таси ёки 13.2 фоизи фирибгарлик ҳамда 59 таси ёки 86.7 фоизи ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фэйк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

Азиз вилоятдошлар!

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам гапирмоқчиман.

Айтиш керакки, йилнинг дастлабки 3 ойи якунига кўра, маст холда (2-0) ва муқаддам судланганлар (4-1) жиноятини камайтиришга эришган бўлсак-да, вояга етмаганлар (1-3), ёшлар (12-14), аёллар (2-3) жинояти ишсизлар (1-3), гуруҳлар (1-2) жинояти эса бироз ошган.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузар-ликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 312 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 148 та чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 4751 нафар ижтимоий химояга муҳтож хотин-қизлардан 252 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 311 нафари касбга ўқитилди, 465 нафари эса, касбга йўналтирилди.

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.

Уларнинг 8 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 4 нафарининг бандлиги таъминланди, 25 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Таълим муассасалари ва жамоат жойларида масъуллар профилактик (давомат, тиғ ва рейд) тадбирларида узоқ муддатга кетган 96 нафар болалар, мунтазам дарс қолдирувчи 34 нафар, тарбияси оғир 74 нафар ўқувчилар аниқланди. Уларнинг 121 нафари мактабларга қайтарилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 14 та муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш -чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 29 та замонавий камералар ўрнатилди.

Таҳдидлардан яна биттаси, бу йўл вояга етмаганлар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларидир.

Бу йўналиш билан боғлиқ жиноятларни биз кенгроқ таҳлил  қилдик.

Рақамларга қарасак, ўтган йилда қарийб 1 та ҳолатда  вояга етмаганлар транспорт воситаларини йўл -транспорт ҳодисасини содир этган.

Умуман олганда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўтган 2024 йилнинг ўзида вояга етмаганларнинг 2 нафари вафот этган, 13 нафари эса оғир тан  жароҳати  олган.

Жорий йилда эса, вояга етмаганлар иштрокида йўл транспорт ходисаси содир этилмади.

Шунинг учун биз бу борада кенг қамровли тадбирларни белгилаб олдик.

Ҳурматли ота-оналар !

Юқоридагилардан келиб чиқиб, азиз фарзандларингизни мажруҳ ва ногирон бўлиб қолмасликлари учун аввало уларнинг тарбияси ва таълим олишига алоҳида эътибор қаратишингиздан умидвормиз.

Ҳурматли фуқаролар!

Коррупцияга қарши курашни кучайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Зеро, сир эмас коррупция ҳар бир соҳанинг ривожига тўсиқ бўлмоқда.

Шу сабабли, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш йўлида қатъий муросасиз кайфиятни шакллантириш, унга қарши курашишда мен бутун Янгиқўрғон ахлидан ўз ҳиссангизни қўшишга чақираман.

Барча ташкилотлар бўйича таҳлиллар ўтказилаяпти, мана шу март ойининг ўзида юқори идораларга, ҳукуматга, аҳолига хизмат кўрсатиш, идораларнинг бошқарув тартибини яхшилаш билан боглиқ 4 та таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳурматли фуқаролар!

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган,  жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф  қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Азиз ҳамюртлар !

Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек   қўйишга  кафолат  беради.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка  чақирамиз.

Зеро, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши ва олди олинишида халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда дахлдорлик ҳисси билан ёндошишни сўрайман.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.

Барчамиз жиноятдан ҳоли янги Ўзбекистон учун бирлашайлик!


Янгиқўрғон туман прокурори О.Рахмонов

Text to speech