18 Апрел 2024 йил 1295

“Намунали оила” кўрик танловининг Наманган вилоят босқичи ўтказилди

Оила муқаддас маскан. Унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар учун соғлом муҳитни яратишда аёл ва эркакнинг биргаликдаги ҳаракати муҳим аҳамиятга эга. ИИО тизимидаги ходимлар орасида ҳам “Соғлом оила-соғлом жамият” ғоясини кенг татбиқ этиш мақсадида Наманган вилояти ИИб ММИ ва КБТХ томонидан бошқарма ва унинг соҳавий хизмат ҳамда ҳудудий бўлимларида фаолият олиб бораётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида “Намунали оила” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Давлатобод туманидаги Маданият марказида бўлиб ўтган кўрик танловда жами 12 нафар ходимлар ва уларнинг оилалари иштирок этишди. Иштирокчилар 10 баллик тизим асосида жами 3та шарт бўйича беллашдилар.

Биринчи шарт яъни «Таништириш» шартида ҳар бир жамоанинг барча аъзолари иштироки таъминланиб, миллий рақс, шеър, қўшиқ, саҳна кўринишлари асосида иштирокчилар оилалари тўғрисида маълумот беришди. Тадбирга ўзгача руҳ ва кайфият улашган биринчи шарт ижросидан барча иштирокчилар танловда юқори баллга эга бўлиш учун уюшқоқлик билан тайёрланишганини англаб олса бўлади.

Иккинчи шарт эса “Менинг оилам” шарти. Бунда иштирокчилар оилада, ишда, маҳалладаги роли, турмуш тарзи, фарзандларининг билим олиши учун яратилган шароитлари тўғрисида ҳикоя қилувчи фотоальбом ҳамда видеороликларини тақдим этишди. Таъкидлаш жоизки, бу шартда ҳам жамоалар бор имкониятларини намоён этишга ҳаракат қилишди.

Ҳар бир шарт нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. 3-шартда эса иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндалари қаламига мансуб асарлардан келтирилган саволларга билет тортиш усулида жавоб беришди.

Кўрик танлов якунида бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Фахриддин Раҳматов сўз олиб, бу каби тадбирлар тизимда меҳнат қилаётган ходимларнинг оиласида жипсликни, ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва меҳр-оқибат туйғуларини янада жонлантирибгина қолмай, айни шу иштирокчилардан ўрнак, намуна олувчи оилалар сони ортишида ҳам асосий омил бўлишини таъкидлади.

Зукколик ва тезкорликни талаб қилган кўрик танлов қизғин лаҳзаларга бой ўтди. Якуний натижаларга кўра 3-ўрин Норин туманидан Исломовлар оиласига, 2-ўрин Косонсой туманидан Сайфиддиновлар оиласига насиб этди. Фахрли 1-ўринга эса вилоят ИИб ЖХХ ЙҲХБдан Турсуновлар оиласи лойиқ кўрилди. Ғолибларга пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди. Бундан ташқари барча иштирокчилар турли номинациялар билан рағбатлантирилди. Эслатиб ўтамиз 1-ўрин эгаларини олдинда кўрик танловнинг Республика босқичи кутмоқда.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech