9 Сентябр 2020 йил 791

Наманганда патруль-пост хизмати автокарвони аҳолини Мустақиллик байрами билан қутлади.

Патруль-пост хизмати ходимларининг бугунги фаолиятларига қўшимча сифатида яна бир шарафли иш юклатилди. Дастлаб ходимлар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари раҳбарлигида шаҳардаги 26-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар ҳолидан хабар олиб, уларни мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этишди ва болажонларга китоблар ҳамда ўқув қуроллари тақдим этишди. Махзун қалблар, маюс кўзларга бироз бўлсада қувонч улашиш, уларда ватанга мухаббат, келажакка бўлган ишончни янада ошириш мақсадида Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди томонидан жанговор сахна кўринишлари намойиш этилди.
Жасорат, ирода, матонат, куч ва садоқатни ўзида акс эттирган ушбу чиқишлар болаларда ижобий таассурот қолдирибгина қолмай, уларнинг аксариятида, хатто қизларда ҳам келгусида юрт посбони бўлиш истаги пайдо бўлди. Ходимлар сахна кўринишлари ниҳоясига етгач болаларга ўз касбларининг сир асрорлари хақида сўзлаб бердилар.
Меҳрибонлик уйида бошланган байрам шукуҳи Наманган кўчаларида давом эттирилди. Пиёда патруллар томонидан йўлда учраган ҳамюртларимизни бу гал огохлантириш ёки ниқобларни тақмаганлиги учун эмас, балки байрам тилаклари битилган табрик қоғозларини тақдим этиш учун тўхтатилди.
Наманган аҳолисини байрам билан табриклашда автопатруллар хам четда қолишгани йўқ. Кечки хизматга сафарбар этилган ходимлар хизмат вазифасини бошлашдан аввал шахарнинг ички ва марказий кўчаларида автокарвонлар уюштириб, овоз кучайтиргичлар ёрдамида ахолини байрам билан табрикладилар. Бу эса халқимизга чинакам байрамона шукуҳ хадя этди десак хеч ҳам муболаға бўлмайди.
Мустақиллик! Ушбу жумла кимларнингдир назарида оддийгина сўз бўлиши мумкин, лекин айни шу сўз бир вақтлар тақдирларни ўзгартиргани, орзуларни ушалтиргани рост. Демак, бу неъматнинг қадрига етмоқ даркор. Байрам муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
Text to speech