Наманганда кириш тест синовлари учун яратилган шароитлар ва хавфсизлик чоралари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 14–23 июль кунлари республиканинг барча ҳудудларида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари ўтказилиши белгиланган.
Шу муносабат билан, Наманган вилоятида ҳам мазкур жараённи хавфсиз ва тартибли ташкил этиш мақсадида бир қатор тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятнинг Давлатобод ва Янги Наманган туманларида жойлашган “Билим ва малакаларни баҳолаш маркази”, “Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази”, Наманган давлат техника университети ва академик лицей бинолари тест синовлари ўтказиш учун танлаб олинди ва махсус жиҳозланди.
Бугун ушбу бинолардаги шароитлар ва хавфсизлик чораларини ўрганиш, мавжуд имкониятларни баҳолаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлари бошчилигида ишчи гуруҳ томонидан жойларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида, тест синовлари ўтказиладиган жойлардаги кириш-чиқиш тартиби, павильон ва аудиториялар хавфсизлиги, абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва бошқа яқинлари учун яратилган қулайликлар, тест куни йўл ҳаракати хавфсизлиги ва автотураргоҳлар ташкил этилиши каби масалалар батафсил ўрганилди.
Шунингдек, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш ва тест жараёнининг узлуксиз ўтишини таъминлаш учун тегишли хизматлар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари томонидан мазкур жараён юқори даражада, ташкил этилган тартибда ўтиши учун доимий назорат амалга оширилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати