19 Ноябр 2022 йил 520

Наманган аэропортида Россия Федерациясидан қайтган шахс белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиққанлиги аниқланди.

Чет элга чиқишнинг белгиланган тартиб қоидалари мавжуд бўлиб, айрим фуқаролар ёки билиб, ёки ўзи англамаган ҳолда бу қоидаларга зид равишда ҳатти ҳаракатларни содир этадилар.

2022 йил 7 октябрь куни соат 15:40ларда “Наманган” халқаро аэропортига “Домодедова-Наманган” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган, 1993 йилда туғилган, Поп тумани, туманида яшовчи фуқаро А.Х.га тегишли бўлган фуқаролик паспорти аэропорт чегара ходимлари томонидан кўздан кечирилган. Мазкур паспортда Ички ишлар идораларининг фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан бериладиган «Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсат берувчи» виза-стикер ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти бўлмасада, Россия Федерацияси орқали белгиланган тартибни бузиб, қонунга хилоф равишда Туркия давлатига бориб келганлиги аниқланган. Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси М ва ФРБ маълумотномасида, фуқаро А.Х. муқаддам хорижий давлатларга чиқиш масаласида ариза-анкета билан мурожаат этмаганлиги кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисидаги ПФ-5156-сонли Фармонининг 1-бандида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланганлиги кўрсатилган. 2-бандида эса 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилинсин деб белгилаб қўйилган.

Шундай қилиб, фуқаро А.Х. ўзининг юқоридаги ҳатти-ҳаракатлари билан қонунга хилоф равишда белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган. Жиноят иши эса айблов хулосаси билан тегишли судлов органига юборилган.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech