Наманган вилояти ИИБда якунига етган 6 ой сарҳисоб этилди.
Вилоят ички ишлар органларининг 2021 йил якуни бўйича тезкор хизмат фаолияти натижалари ҳамда йўл қўйилган камчиликлар муҳокамаси, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган ҳисобот йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаков, Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, унинг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари ҳамда унинг ўринбосарлари иштирок этишди.
Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Т.М.Мустафаев Наманган вилояти Ички ишлар органлари томонидан 2021 йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликларни ёритиб, вилоят ички ишлар бошқармасининг тезкор хизмат фаолияти натижалари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликларга чуқур таҳлиллар асосида тўхталиб ўтди.
Бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник О.А.Хужакулов эса вилоят ҳудудида муқаддам судланган, вояга етмаган, аёллар, ёшлар ва ишламайдиган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар, унинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берди.
Бундан ташқари йиғилишда бошқарма Жиноят қидируви бошқармаси, ЙҲХБ, Пробация бўлими раҳбарлари, Наманган шаҳар ИИО ФМБ ва барча туманлар ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқларининг тегишли хизмат йўналишларидаги ҳисоботлари тингланди.
Сўнг, Вазир ўринбосари вилоят ички ишлар бошқармасининг барча шахсий таркибига келгуси ишларида омад ва зафарлар тилаб, шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кун талабига мос равишда фаолият юритиш, соҳада эришилган ютуқлардан ҳаволанмай, ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашиш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини кескин камайтириш учун барча лозим чора тадбирларни кўриш, янги механизмлардан фойдаланиш, амалга оиширилаётган ишларга танқидий нигоҳ билан қараш борасида муҳим топшириқлар берди.
Айрим раҳбарларнинг фаолияти эса муҳокамага қўйилиб, танқид остига олинди.
Йиғилиш якунида 2021 йилнинг олти ойи давомида вилоят ҳудудида намунали жамоат тартибини саклаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этишда жонбозлик кўрсатиб ҳамда ўзларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келаётганликлари учун бир гуруҳ ходимлар ИИВнинг ташаккурномаси, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти билан тақдирланишди.
Тақдирлашдан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғи полковник А.И.Атаходжаев сўз олиб, йиғилишда кўрсатиб ўтилган камчиликлардан барча масъул раҳбарлар хулоса чиқариб, тегишли чора-тадбирлар белгилашлари, келгусида юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда кечаю-кундуз меҳнат қилиб, ҳукуматимиз ва вазирлик раҳбарияти томонидан юклатилган вазифаларни аъло даражада бажаришни айтиб, бунда вилоят ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида соғлом ишчи муҳит мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати