Наманган вилояти ИИБда спортнинг волейбол тури бўйича ходимлардан иборат жамоалар ўртасида қуръа ташлаш маросими ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 30-октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сон фармонига мувофиқ, вилоят ички ишлар органларининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган шахсий таркиб ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида, Наманган вилояти ИИБ бошлиғининг тегишли буйруғига мувофиқ, таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича мусобақа ўтказилиши белгиланган.
Дастлаб, волейбол спорт мусобақасини юқори даражада ўтказиш, жамоалар таркибини шакллантириш ҳамда бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилиниб, терма жамоалар масъулларига мусобақа ўтказиш низоми таништириб ўтилди.
Шундан сўнг, вилоят “Волейбол” федерацияси масъуллари жалб этилган ҳолда барча жамоалар мураббийлари иштирокида қуръа ташлаш маросими ўтказилиб, жамоаларнинг биринчи турда ўзаро учрашадиган рақиблари аниқлаб олинди.
Тадбир якунида, бошқарма раҳбарияти томонидан мусобақада иштирок этадиган жамоалар масъулларига мусобақани кўтаринки руҳда ўтказиш юзасидан кўрсатмалар берилиб, барча жамоаларга омадлар тиланди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати