24 Март 2022 йил 654

Наманган вилояти ИИБда "Ҳар баҳорда шу бўлар такрор" номли байрам тадбири ўтказилди.

Тинч ва фаровон мамлакатга тўйлар, байрамлар ярашади. Юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ҳар йили кўтаринки руҳ ва ўзгача ҳаяжон билан қарши олинади. Боиси "Наврўз" элимизга тинчлик, дастурхонларимизга тўкинлик, ҳосилларимизга мўл кўллик олиб келади. Наманган вилояти ИИБда ҳам ушбу кун тантанали қарши олинди.

Баҳорий гуллар ёрдамида янада муҳташам кўринишга келтирилган Бошқарма маърифат залида ташкил этилган байрам тадбирида дастлаб бошқарма бошлиғи сўз олиб йиғилганларни наврўз билан самимий муборакбод этиб ўзининг илиқ тилакларини билдирди. Шундан сўнг, Ички ишлар вазири генерал лейтенант Пўлат Бобожоновнинг табриги ўқиб эшиттирилди.

Тадбир доирасида Ички ишлар органларидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда уни олдини олиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун ҳамда 21 март – “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан бир гуруҳ ходимлар “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун”, иккинчи ва учинчи даражали кўкрак нишонлари билан тақдирланишди, яна бир неча ходимлар Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи”, “Эсдалик қўл соати” ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Бу рағбат ҳамда эътиборлар тизимда меҳнат қилаётган барча шахсий таркибга чинакам байрамона туҳфа бўлди десак муболаға бўлмайди.

Тадбир якунига етгач таклиф этилган меҳмонлар, фахрийлар ва хизмат вақтида вафот этган ходимларнинг оила аъзолари учун байрам дастурхони ташкил этилди. Бир сўз билан айтганда Наврўз айёми кўтаринки кайфият, ширин дийдор, байрамона шукуҳни бир жойга жамлади.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech