3 Апрел 2023 йил 698

Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБда жорий йилнинг 3 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокамасига бағишланган тезкор йиғилиш ўтказилди.

Жорий йилнинг 3 апрель куни Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ мажлислар залида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳузурида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида жорий йилнинг 3 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокамасига бағишланган тезкор йиғилиш ўтказилди.

Унда Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, фахрийлар, хизмат-соҳа раҳбарлари, ЙҲХБ шахсий таркиби иштирок этди.

Йиғилишда содир бўлиши мумкин бўлган автоҳалокатларни барвақт олдини олиш, «Хавфсиз ва равон йўл» дастури доирасида амалга оширилган ишлар, вилоят ҳудудида намунали ҳаракатни таъминлаш чора-тадбирлари, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан қараган ходимларга нисбатан Бошқарма бошлиғи томонидан қатъий чоралар кўрилди. 

Тизимда мавжуд муаммолар ўртага ташланиб, уларни бартараф этиш ва самарали хизмат ташкил этиш борасида масъулларга лозим топшириқлар берилди.

Кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа фахрийлари ҳам ўзларининг таклифларини билдирдилар.

Йиғилиш давомида хизматга виждонан муносабатда бўлиб, намунали фаолияти билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ инспекторлар бошқарма бошлиғи томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Бундан ташқари соҳада узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилиб, раҳбарлик лавозимида фаолият юритган подполковник Фазлиддин Уралов самимий фикрлар ва илиқ тилаклар билан тантанали равишда истеъфога кузатилди.

Шунингдек, вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБга янги тайинланган раҳбар подполковник Шароф Исломов шахсий таркибга таништирилиб, тайинловга қадар бошқармада раҳбарлик вазифасини вақтинча бажариб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида яхши натижаларни кўрсата олган ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Станислав Кравченкога ҳам миннатдорчилик билдирилди.

Йиғилиш сўнггида Бошқарма бошлиғи шахсий таркиб ва хизмат-соҳа раҳбарларига бугунги муҳокамадан керакли хулосани олиб, самарали ва натижали иш ташкил этиш ва вилоят ҳудудида йўл ҳаракати билан боғлиқ салбий вазиятларни камайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech