Наманган вилояти ИИБ бошлиғи 3-сектор раҳбари томонидан Косонсой туманида сайёр қабул ўтказилди
Жорий йилнинг 22 февраль куни Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Косонсой туманида аҳоли учун сайёр қабул ўтказди.
Туманда яшовчи фуқароларнинг яшаш ва турмуш шароитлари, ижтимоий аҳволини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ўтказилган қабул давомида кўплаб аҳолининг, ёшларнинг ечимсиз ётган муаммолари жойида бартараф этилишига эришилди. Айримларининг ижроси муддат талаб этгани боис масъуллар бириктирилиб, алоҳида назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида сектор раҳбари тумандаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига эътибор қаратар экан, коммунал хизмат кўрсатиш фаолияти такомиллаштирилаётганлиги, кўчаларни асфальтлаш ва ичимлик суви билан боғлиқ, электр таъминоти ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиш борасидаги муаммолар соҳаларга дахлдор мутахассислар билан бирга бартараф этилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Қабулга ташриф буюрган 35 нафар фуқаронинг 39 та масала юзасидан мурожаатлари ичида асосан имтиёзли кредит олиш, иш билан таъминланиш ва бошқа маиший муаммолар кўтарилди. Албатта, қабул ўзининг ижобий натижасини бериб, кўплаб инсонлар ижобий натижа билан миннатдор ҳолда уйларига қайтишди.
Сайёр қабул сўнгида шу туманда яшовчи 2 нафар фуқаролиги йўқ шахсга Ўзбекистон Республикасининг фуқароси гувоҳномалари топширилди. 6 нафар 16 ёшга тўлган йигит қизларга эса ID карталар тақдим этилди.
Инсонларнинг дард-у ташвишини яритиб, уларга моддий, маънавий, ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида ташкил этилган бу каби сайёр қабуллар барча ҳудудларда давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати