21 Ноябр 2023 йил 3415

Наманган вилоятида “Таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари бўлган, шунингдек кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш” ойлиги давом этмоқда

“Таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари бўлган, шунингдек кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тезкор-профилактик тадбири”ни ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2023 йил 23 октябрь кунги 316-сонли ҳамда Наманган вилоят ИИБ бошлиғининг 31 октябрь кунги 98-сонли фармойишларига асосан, шу йил 1 ноябрь санасидан 30 ноябрь кунига қадар Наманган вилояти Давлат хавфсизлиги хизмати, Соғлиқни сақлаш, Божхона, Солиқ бошқармаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда тарғибот, рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Ойлик доирасида ИИВ ТҚД ЖҚХ масъуллари ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан Наманган шаҳрида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ҳамда 1-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчилари билан тарғибот учрашуви ташкил этилди. Унда ёшларнинг бўш вақтини турли зарарли иллатлардан ҳоли ўтказишлари кераклиги таъкидланиб, психотроп ва гиёҳвандлик воситаларига ружу қўйиш ортидан аянчли оқибатлар юзага келиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

1-сонли умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари била ўтказилган профилактик суҳбат давомида соҳа мутахассислари таркибида психотроп моддалари мавжуд бўлган турли кўринишдаги таблеткаларни истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши, кўплаб ёш йигит-қизлар ушбу моддаларнинг таъсирига тушиб, келажагини барбод қилаётгани ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.

Тарғиботлар жараёнида вилоят Онкология диспансери масъул ходимлари билан учрашув ўтказилиб, масканда даволанувчи беморлар учун ажратилган дори воситаларининг таркибини доимий назорат қилиб бориш, ноқонуний тарзда психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини тайёрлаш учун жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантиришлар берилди.

Тарғибот тадбирлари Наманган Давлат Педагогика университети ва Наманган Муҳандислик-қурилиш институти талабалари билан давом эттирилди. Унда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларга ружу қўйиш ортидан ўз саломатлигини йўқотган ҳамда наркотик модда сотиб олиш учун жиноятга қўл ураётган шахслар тўғрисида ҳикоя қилувчи “Ўйламай босилган қадам” номли махсус фильм йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Шундан сўнг талабалар иштирокида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида концерт дастури ташкил этилди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech